Истиқболли лойиҳалар
Бугунги кунда ҳудудларда инвестицион жозибадорликни ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва экспорт салоҳиятини юксалтириш мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантиришда муҳим омил ҳисобланади. Айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида хорижий сармояларни жалб қилиш орқали юқори қўшимча қиймат яратадиган лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Бухоро вилояти Қоракўл туманида олиб борилаётган ишлар эътиборга лойиқ.
Қоракўл тумани ҳокими Хуршид Тохиров хитойлик инвесторлар билан учрашув ўтказиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилди. Музокаралар давомида томонлар инвестицияларни жалб этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида урғу берди.

Учрашувда хитойлик ишбилармонлар томонидан Қоракўл туманида қалампир етиштириш бўйича йирик инвестицион лойиҳани амалга ошириш таклифи илгари сурилди. Ушбу лойиҳа замонавий агротехнологиялар асосида юқори ҳосилдорликка эга қалампир навларини етиштириш, уларни саноат асосида қайта ишлаш ҳамда тайёр маҳсулот сифатида ташқи бозорларга экспорт қилишни назарда тутади.

Мазкур ташаббус амалга оширилиши натижасида ҳудудда янги иш ўринлари яратилиши, маҳаллий аҳоли бандлиги таъминланиши ва даромад манбалари кенгайиши кутилмоқда. Шунингдек, замонавий агротехнологияларнинг жорий этилиши орқали қишлоқ хўжалиги самарадорлиги сезиларли даражада ошади.
Бундай инвестицион лойиҳалар нафақат Қоракўл туманининг иқтисодий салоҳиятини оширишга, балки бутун ҳудудда агросаноат тармоғини ривожлантиришга хизмат қилади. Хорижий инвесторлар билан ҳамкорлик эса янги имкониятлар эшигини очиб, маҳаллий иқтисодиётнинг барқарор ўсишига замин яратади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.