Истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимояси ва рақобатни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди
Қарши шаҳрида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан кенг жамоатчилик вакиллари билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Тадбирда қўмита раисининг маслаҳатчиси Отабек Усмонов, ҳудудий бошқарма бошлиғи Санжар Садиков ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди. Унда 2025 йил якунлари ва 2026 йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар сарҳисоби қилинди, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тингланди.
Таъкидланганидек, ҳисобот даврида ҳудудий бошқармага жисмоний ва юридик шахслардан 2025 йилда 5 мингдан ортиқ, 2026 йилнинг биринчи чорагида эса қарийб 1400 та мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатлар асосида ўтказилган ўрганишлар натижасида 2025 йил давомида 656 мингдан ортиқ истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниб, улар фойдасига қарийб 7,5 миллиард сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди.
[gallery-28745]
Жорий йилнинг биринчи чорагида эса 3500 га яқин истеъмолчи манфаатлари тикланиб, улар фойдасига 700 миллион сўмга яқин маблағ қайта ҳисобланиши таъминлангани қайд этилди.
Шу билан бирга, давлат ва корпоратив буюртмачилар томонидан ўтказилган 600 дан ортиқ тендер савдолари таҳлил қилиниб, 561 ҳолатда рақобатга зид ҳаракатлар аниқланган. Ушбу ҳолатлар бўйича тегишли чоралар кўрилиб, айрим ҳолатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган, мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий чоралар қўлланилган.
Соҳалар кесимида ўрганилган харидларда қатор тизимларда юқори даражада қонунбузилиш ҳолатлари аниқлангани алоҳида таъкидланди. Жумладан, олий таълим, транспорт, маданият, сув хўжалиги ҳамда ижтимоий ҳимоя соҳаларида ўрганилган харидларнинг деярли барчасида қонун талабларига зид ҳолатлар қайд этилган.
Бозор концентрациясини назорат қилиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг рақобатга таъсирини баҳолаш, шунингдек, биржа савдоларидаги жараёнларни ўрганиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, 70 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси экспертизадан ўтказилиб, айримларида қонун талабларига зид ҳолатлар аниқланган.
Шунингдек, 41 мингдан ортиқ ҳужжат хатловдан ўтказилиб, 116 тасида рақобатга зид нормалар мавжудлиги маълум бўлган. Ушбу ҳолатларни бартараф этиш юзасидан тегишли ташкилотларга тақдимномалар киритилган.
Товар-хом ашё биржасидаги савдоларда ҳам 12 та ҳолатда қонунбузилишлар аниқланиб, айрим хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан иш қўзғатилган. Табиий монополия субъектлари томонидан асоссиз ҳақ ундириш ва устун мавқени суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳам қайд этилди.
Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди, муаммолар бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Очиқ мулоқот якунида соҳадаги ишларни янада такомиллаштириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш ва соғлом рақобат муҳитини таъминлаш юзасидан устувор вазифалар белгилаб олинди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари