Истеъмолчилар ҳуқуқлари доимо эътиборда
Гулистон шаҳрида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Сирдарё вилояти ҳудудий тузилмаси томонидан ўтган 2020 йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоби юзасидан журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани ўтказилди.
Иштирокчилар агентликнинг вилоят ҳудудий тузилмаси раҳбари Қомус Юлдашевнинг, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш, аҳоли муаммолари билан ишлаш ва бошқа долзарб йўналишларда ўтган 2020 йил давомида амалга оширилган ишлар, истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиблари ва улар томонидан тушган мурожаатларни фуқароларнинг фойдасига ҳал этилганлиги юзасидан ҳисоботини катта қизиқиш билан тинглади.
Ўтган 2020 йилда ҳудудий тузилмага ёзма, ишонч телефони ва бошқа ташкилотлар орқали 1 минг 59 та мурожаат келиб тушган ва уларнинг асосий қисми уй-жойларга коммунал хизмат кўрсатиш масалаларига оид бўлиб, бу мурожаатлар 832 тани ташкил этган. Шунингдек, савдо, умумий овқатланиш, алоқа ва молиявий ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳаларига оид 200 дан ортиқ мурожаат келиб тушган.
Йил давомида келиб тушган мурожаатларни ўрганиш жараёнида истеъмолчилар фойдасига 2 миллиард 527 миллион 382 минг сўм миқдоридаги маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.
Президентимизнинг 2016 йил 31 октябрдаги “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ҳисоб-китоб қилиниб, улугуржи ва чакана нархларнинг энг юқори баҳосидан истеъмолчиларга хабардор бўлишлиги учун телеграмм мессенжерида ишловчи махсус ахборот тизими Агентлик томонидан – @dorinarx_bot ишлаб чиқилди ва амалда фойдаланиш учун йўлга қўйилди. Шунга қарамай, юқоридаги қарорлар талаблари бузилганлиги юзасидан бошқармага жами келиб тушган 15 та мурожаатлар асосида белгиланган тартибда қонуний чоралар кўрилди.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, қурилиш ва транспорт соҳасида ҳудудий бошқармага 2020 йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида газ таъминотидаги узилишлар ва табиий газнинг бир маромда етказиб берилмаётгани ҳамда электр энергияси таъминотидаги узилишлар бўйича ҳам бир қатор мурожаатлар келиб тушди.
Ҳудудий тузилма томонидан, фуқаролар хонадонига электр энергиясини, табиий ва суюлтирилган газ балонларини бир маромда етказиб берилмаганлиги сабабли, таъминотчи корхоналарнинг масъул шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 178-1-моддасига мувофиқ маъмурий жазо чораси қўлланилди.
Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори ижросини таминлаш мақсадида туман ва шаҳарларида тузилган ишчи гуруҳлар томонидан ҳудудлардаги мавжуд ташқи реклама конструкциялари тўлиқ хатловдан ўтказилди. Белгиланган тартибда ишчи гуруҳлар томонидан хатлов давомида ташқи реклама конструкцияси ўрнатиш мумкин бўлган жойлар аниқланиб, уларни “e-auksion” ягона электрон савдоларига чиқариш бўйича мутасадди ташкилотлар билан биргаликда тегишли ишлар олиб борилди. Айни пайтда, Гулистон шаҳрида 30 та, Янгиер шаҳрида 10 та ташқи реклама конструкцияси ўрнатилиши керак бўлган ер майдонлари электрон савдога чиқарилди.
Вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам ташқи реклама ўрнатиш учун ер майдонлари аниқланиб “e-auksion” ягона электрон савдога чиқариш бўйича амалий ишлар охирига етказилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 25 декабрдаги “Реклама тўғрисида”ги қонунининг 13, 20, 23-моддалари бўйича 5 та ҳолатларда қонун бузилишлари аниқланиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги 225-сонли қарорига асосан иш қўзғатилиб, кўрсатмалар берилди ва бу кўрсатмалар ижроси тўлиқ таминланди.
– Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, салкам 35 миллионга яқин халқнинг барчаси истеъмолчи ва шундан келиб чиқиб, Агентлик ташкил топганининг ўтган бир йиллиги биз учун катта тажриба бўлди, – дейди Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Сирдарё вилояти ҳудудий тузилмаси раҳбари Қомус Юлдашев. – Бу йил биз – халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак, деган эгу ғоя асосида аҳоли билан ишлашнинг “маҳаллабай” тизимида иш олиб борамиз. Вилоятнинг энг чекка ҳудудидаги ёш мактаб ўқувчисидан тортиб, нуроний отахону онахонларгача, истеъмолчилик маданиятини ошириш ва аҳолининг кундалик дуч келаётган муаммоларини жойида ўрганиб, уларни бартараф этиш ишларини тизимли равишда ташкил этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ишларимизни ана шу режа ҳамда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”дан келиб чиққан ҳолда олиб борилиши белгилаб олинди.
Анжуман баҳс-мунозараларга бой бўлди. Журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларига бошқарма масъул ходимлари томонидан атрофлича жавоб берилди.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА