Истеъдодлар кўриги (+видео)
Ўзбекистон халқ артисти Таваккал Қодиров таваллудининг 100 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланмоқда. Бугун Фарғонага юртимиз ва қўшни давлатлардан келган ҳофизнинг мухлислари, ёш ҳофизу созандалар, устоз санъаткорлар Таваккал Қодиров дафн этилган абадий оромгоҳни зиёрат қилдилар. Устоз мақбараси қошида дуои фотиҳалар қилинди.
Маълумки, бугун Фарғонада “Таваккал Қодиров қўшиқлари эл қалбида” халқаро танлови бошланди. Унинг иштирокчилари Қувада янги очилган музейни бориб кўришди. Отахон ҳофиз ўзбек санъатига қўшган улкан ҳиссаси тилга олинди. Шунингдек, Янги Ўзбекистондаги санъат, санъаткорга муносабат эътироф этилди.

– Ҳаётда санъат аҳлига шунақа ҳурмат бўлганми? Оллоҳ юртимизга, халқимизга санъатсевар, юртсевар Президентни берди. Уни қадрлаш керак. Қувада катта музей очилибди, ёшлар учун студия қурилибди, бундай имкониятлар илгари бўлган эмас, – деди Ўзбекистон халқ артисти, танлов ҳайъати раиси Абдуҳошим Исмоилов.
– Муҳтарам Президентимизнинг халққа бўлган муҳаббатини барчамиз билиб, қадрлашимиз лозим.
– Мана шундай шароитлар яратиб берган Президентимизга раҳмат, – дейди Таваккал Қодировнинг ўғли Музроббек Қодиров.

– Қўлимиз кўксимизда. Отамизни эъзозлаган халқимиз ва давлатимиз раҳбарига оила аъзоларимиз номидан миннатдорчилик билдираман. Шундан сўнг санъат саройида “Таваккал Қодиров қўшиқлари эл қалбида” халқаро танлови тантанали суратда очилди. Унда Туркий давлатлардан келган 50дан зиёд истеъдод эгалари иштирок этмоқда. Танлов шарти – Таваккал Қодиров ижро этган қўшиқни маромига етказиб куйлаш.
Бирин-кетин саҳнага чиққан ғолибликка номзодлар устоз санъаткор, эл севган ҳофиз репертуаридан машҳур қўшиқларни куйлай бошладилар. Истеъдодлар кўп ва ижро юқори савияда. Ҳайъат аъзолари ҳар бир овоз, парда, даромад, қочирим каби ижро сифатларини баҳоламоқдалар.

– Мен Жиззах мақом ансамблининг хонандасиман. Устоз санъаткорнинг “Тановар”, “Бўлғаймикан”, “Фарғона тонг отгунча”, “Ёр васли” каби қўшиқларини ижро этаман. Танлов ғолиби бўлиш ниятим бор. “Бўлғаймикан” қўшиғим ёқади деб ўйлайман, – дейди танлов иштирокчиси Саодат Каримова. – Мен Тожикистоннинг Панжикент шаҳридан келдим. Устоз Таваккал Қодировнинг мухлислари бизнинг юртда жуда кўп. Буюк санъаткорнинг қўшиқларини болалигимдан ижро этаман. Танловда ғоят истеъдодли ёшлар кўп экан, лекин мен қалбимни бахшида қилиб куйлайман ва Ўзбекистонда мухлислар орттираман, – дейди танловнинг тожикистонлик иштирокчиси Нозанин Шарифзода.

Танлов ғолиблари эртага аниқланади ва улар иштирокида "Бурҳониддин Марғиноний" мажмуасидаги амфитеатрда катта концерт берилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/aaj80ggv_p8" title="Iste’dodlar ko`rigi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(видео, сурат), ЎзА