“Иссиқлик электр станциялари” АЖ халқаро ISO сертификатларини қўлга киритди
Халқаро аудит якунларига кўра, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ISO 37001:2025 “Коррупцияга қарши курашиш менежменти тизими” ҳамда ISO 37301:2021 “Мувофиқлик менежменти тизими” халқаро стандартлари бўйича сертификатларга сазовор бўлди.
Бу компанияда комплаенс ва коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги бошқарув тизимлари халқаро талаблар асосида йўлга қўйилганидан далолат беради.
Шу муносабат билан мазкур ташкилотда халқаро сертификатлаш органи “CERT International” томонидан сертификатларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда компания раҳбарияти, Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс бошқармаси масъул ходимлари ҳамда тизим корхоналари раҳбарлари иштирок этди.
Сертификатлаш жараёни доирасида жамият ва унинг филиалларининг масъул ходимлари ISO 37301:2021 “Мувофиқлик менежменти тизими” ҳамда ISO 37001:2025 “Коррупцияга қарши курашиш менежменти тизими” талаблари бўйича махсус тайёргарлик ва малака ошириш курсларини тамомлади. Шундан сўнг ташкилот марказий аппарати ва филиалларида халқаро аудит ўтказилди. Унинг якунлари бўйича жамият фаолияти мазкур стандартлар талабларига мувофиқ деб топилди.
Жамият ахборот хизматига кўра, уч йил муддатга бериладиган халқаро сертификатлар компанияда комплаенс ва коррупцияга қарши курашиш тизимлари халқаро талаблар асосида йўлга қўйилганини англатади. Лойиҳа корпоратив бошқарув шаффофлигини ошириш, қонунчилик талабларига мувофиқликни таъминлаш ҳамда коррупция хавфларини камайтиришга қаратилган.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА