Исроил ва Ливан тинчликка бир қадам яқинлашди
АҚШ воситачилигида ўтказилган музокаралардан сўнг Исроил ва Ливан шартли равишда ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришди.
Қўшма баёнотга кўра, келишув амал қилиши учун “Ҳизбуллоҳ” барча ҳужумларни тўлиқ тўхтатиши ва жанубий Ливан ҳудудини тарк этиши лозим. Шу боис келишувнинг амалда қандай ишлаши ҳозирча очиқ масала бўлиб қолмоқда.
Вашингтондаги учрашувлар икки томон дипломатлари ўртасидаги тўртинчи тўғридан-тўғри мулоқот бўлди. Музокаралар натижасида Ливан армияси тўлиқ назорат ўрнатадиган махсус ҳудудлар ташкил этиш бўйича ҳам би қарорга келинди. Бу ҳудудларда давлатдан армиясидан бошқа қуролли гуруҳлар бўлишига йўл қўйилмайди.
Келишув Исроилнинг сўнгги ҳафталарда Ливандаги ҳарбий амалиётларни кучайтириши фонида имзоланди. Исроил қўшинлари мамлакат ичкарисига сўнгги йигирма йилда кузатилмаган даражада чуқур кириб борган. Бу эса можаронинг янада кенгайиши ҳақидаги хавотирларни кучайтирган эди.
Айни пайтда жанговар ҳаракатлар тўхтагани йўқ. Чегара ҳудудларида ракета ва дрон ҳужумлари давом этмоқда. Ливан жанубига бир қатор зарбалар берилиш оқибатида камида тўққиз киши ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар берилган.
Дональд Трамп Ливандаги можарони Эрон билан боғлиқ музокаралардан алоҳида кўриб чиқиш тарафдори эканини айтди. Теҳрон эса аксинча, бу икки масала ўзаро боғлиқлигини таъкидламоқда. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Бaйрутга қарши ҳар қандай янги ҳужум кенг кўламли уруш қайта бошланишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Томонлар 22 июнь ойида яна музокара столи атрофида йиғилиши кутилмоқда. Мақсад вақтинчалик тинчлик эмас, балки кенг қамровли ва узоқ муддатли келишувга эришишдан иборат.
Мусулмон Зиё, ЎзА