Ислом тараққиёт банки билан аграр соҳадаги ҳамкорлик кенгаймоқда
Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров Ислом тараққиёт банки вакиллари билан учрашди. Унда аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ҳамда икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида “Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини механизациялашни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида амалга ошириладиган устувор вазифалар атрофлича кўриб чиқилди.

Хусусан, замонавий ва энергия тежамкор қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилиш, фермер хўжаликлари ва кластерларнинг техник салоҳиятини ошириш, хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда илғор технологияларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, лойиҳа доирасида техникалардан самарали фойдаланиш, механизатор ва мутахассислар малакасини ошириш, соҳага инновацион ечимларни кенг татбиқ этиш бўйича ҳам фикр алмашилди.

Томонлар лойиҳа ижросини самарали ташкил этиш, молиявий механизмларни такомиллаштириш ҳамда истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари юзасидан ўз таклифларини билдириб ўтди.
Учрашувда қишлоқ хўжалигини механизациялаш орқали ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аграр тармоқнинг рақобатбардошлигини кучайтириш борасидаги ҳамкорликни изчил давом эттириш муҳим экани таъкидланди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА