“Ислом нури дурдоналари” кўргазмаси ташкил этилди
“I халқаро ислом цивилизацияси форуми: тинчлик ва бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” Халқаро форуми доирасида “Ислом нури дурдоналари” кўргазмаси ўтказилди.
Кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида буюк мутафаккир аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, унинг глобал аҳамиятини очиб бериш, ислом цивилизациясининг ҳақиқий инсонпарварлик моҳиятини жаҳон ҳамжамиятига етказиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.
Ислом динининг тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат ғояларини жаҳон ҳамжамиятига етказиш нафақат муайян бир давлатнинг, балки бутун мусулмон оламининг умумий вазифасига айланмоқда. Ўзбекистон эса ана шу халқаро ҳамкорликнинг ташаббускори сифатида майдонга чиқмоқда.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази юраги бўлмиш Қуръон залида очилган “Ислом нури дурдоналари” кўргазмасининг асосий мақсади ҳам ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фани, маданияти ва маънавияти тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссасини намоён этишдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Диний-маърифий масалалар бўйича департаменти бошлиғи, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон-Саудия дўстлик жамияти раиси Фирдавс Абдухолиқов давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда кейинги ўн йил давомида илмий-маънавий меросни асраш, унинг моҳиятини дунёга кенг тарғиб этиш борасида улкан ташаббуслар илгари сурилаётгани ва улар ўзининг ижобий натижаларини бераётганини таъкидлади.

Кўргазма орқали Ўзбекистон ҳудудида шаклланган бой исломий дурдоналар, буюк алломаларнинг илмий ва маънавий мероси, ноёб қўлёзмалар, Қуръон нусхалари, хаттотлик, миниатюра санъати, амалий безак санъати ҳамда маданий бойликлар замонавий музей технологиялари асосида тақдим этилди.
“Ислом – илм, маърифат ва тинчлик дини” ғояси асос қилиб олинган кўргазма - экспозиция меҳмонларни ислом цивилизациясининг шаклланиши, унинг жаҳон цивилизациясига таъсири ҳамда Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистоннинг ушбу жараёндаги ўрни билан таништиради.

Кўргазмадан Каъбанинг эшик қисми кисваси ва унинг атрофида XIX – XX асрларга тегишла бўлган, “Аллоҳ” ва “Муҳаммад” ёзувли панно, Каъба кисвасидан олинган каллиграфик панел - “Ҳизам” ва Каъбапўш (Кисва)лар жой олган. Бу, ўз навбатида Қуръон зали аҳамияти ва улуғворлигини янада оширишга хизмат қилади.
Кўргазмада шунингдек, 1900 йилда тайёрланган, пайғамбар алайҳиссалом қабрларидан олинган яшил ипакдан тайёрланган катта мақбара ёпқичи, “Мақоми Иброҳим”, XIX асрга оид “Маҳмил” намойиш этилди.

Қуръони карим залининг Қўқон порталидан кириш қисмида эса “Усмон мусҳафи”ни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, хусусан “Қуръони карим зали”га етиб келиш тарихига оид фотосуратлар кўргазмаси ҳам намойиш этилди.

Бундан ташқари, Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Жидда шаҳрида жойлашган, “Ислом санъати” музейидан ушбу кўргазма учун махсус келтирилган, ислом тарихи билан боғлиқ ноёб қўлёзмалар, илмий ва маънавий мерос намуналари бўлган китоблар, экспонатлар, маданий мерос ашёлари диққатга сазовор.
Хусусан, “Муҳаммад (с.а.в) намозлари зикри”га бағишланган ҳамда Қуръондан бир неча суралар келтирилган асар, муаллифи Имомзода ал Ҳаж Муҳаммад “Далоил ал хайрот” ва “Ал ҳизб ал Аъзам” асарларидан иборат дуо китоби, Салжуқийлар даври (XII аср)га оид Қуръон қўлёзмасидан варақ, “Тавба” сурасининг 70–71-оятлари ёзилган Қуръон парчаси, Сулс хатида кўчирилган Қуръон парчаси (“Аҳзоб сураси” 41-43 оятлари), Куфий хат турида кўчирилган Қуръон парчаси, VII асрга мансуб “Катта Лангар Қуръони”нинг факсимил нашри, Каломи шарифнинг “Бақара” сураси 255-оятлари ёзилган парчаси, “Иброҳим” сураси 40-оят ёзилган парчаси, Ғубор хатида ёзилган каллиграфик лавҳа, Муқаддас китобнинг 1670 йил Муҳаммад Тақий ибн Муҳаммад Али Давлатободий томонидан имзоланган намунаси, Табаррук китобнинг XVII асрга тегишли нашри кўргазмага келган меҳмонларда катта таассурот уйғотди.

Шунингдек, қадимий даврга оид қулф ва калит, Макка шаҳридаги Масжидул Ҳаромнинг панжара қисмида ишлатилган мис парчаси каби ислом санъатига тегишли бўлган меъморчилик, амалий санъат, хаттотлик, миниатюра, кулолчилик, заргарлик, намуналари каби артефактлар намойиш этилди.
“Ислом нури дурдоналари” кўргазмаси Ислом цивилизациясининг бой илмий ва маданий меросини замонавий музей экспозицияси орқали намоён этувчи нуфузли халқаро маданий лойиҳа бўлиб, форумнинг “Тинчлик ва бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” мавзусини мазмунан бойитади.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири