Иштихонлик китобхонлар яна ғолиб
Самарқандда “Зукко китобхон” танловининг навбатдаги мавсум вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус доирасида Ўзбекистон ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ташкил этилган танловда дастлабки босқичда ғолиб бўлган китобхонлар – 16 туман ва шаҳар жамоалари иштирок этди.
– Халқимиз, жумладан, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш ва уларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш мақсадида жорий йилдан ҳудудларда мазкур танловни доимий ўтказиб бориш йўлга қўйилди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Ҳусан Тўхтаев. – Бу юртимизда аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятини ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Мазкур танлов орқали маҳалла ёшлари кўпроқ бадиий китоб ўқияпти, вақтини мазмунли ўтказмоқда. Муҳими, китобхонлик ёшлар билимини бойитиб, дунёқарашини кенгайтирмоқда, маҳаллаларда китобхон ёшлар кўпаймоқда.
Жамоалар ўқиш учун тавсия этилган китоблар асосида тайёрланган саволларга жавоб бердилар ва шу асосида уларнинг зукколиги баҳоланди.
Танлов якунига кўра, Иштихон тумани жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди ва 6 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди. Иккинчи ўринни эгаллаган Нуробод тумани ёшларига 4 миллион 200 минг сўм пул мукофоти ва учинчи ўринга муносиб деб кўрилган пайариқлик китобхонларга 3 миллион сўм пул мукофоти берилди.
Эътиборлиси, бундан аввалги мавсумда ҳам танловнинг вилоят босқичида Иштихон тумани жамоаси ғолиб бўлганди.
Танловда қатнашган бошқа жамоаларга ҳам белгиланган миқдорда пул мукофоти ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари