Ишсизликка қарши амалий қадам
Ёшнинг иш топиши — нафақат даромад манбаига эга бўлиши, балки мустақил ҳаёт кечириши, ўз кучига ишониши ва келажак режаларини амалга ошириши учун ҳам муҳим. Бироқ меҳнат бозорига илк қадам қўяётган йигит-қизлар учун муносиб иш ўрнини топиш, касбий йўналишини белгилаш ва ўз салоҳиятини намоён этиш ҳар доим ҳам осон кечмайди. Шу боис ёшларни иш берувчилар билан юзма-юз учраштириш, ишлаб чиқариш корхоналаридаги имкониятлар билан таништириш ва уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 11 сентябрдаги «Барқарор иш ўринларини яратиш ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш орқали аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Сирдарё вилоятида ишсиз ёшлар ва битирувчиларни меҳнат фаолиятига жалб этиш, уларга барқарор даромад манбаини топишда кўмаклашиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.


Вилоят ҳокимлиги, Ёшлар ишлари бошқармаси, Солиқ бошқармаси, туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар иштирокида ташкил этилган ташрифлар ёшларга меҳнат бозоридаги имкониятларни бевосита ўрганиш, иш берувчилар билан мулоқот қилиш ва қизиқишларига мос касбни танлаш имконини берди. Улар йирик корхоналардаги иш жараёнлари, мавжуд бўш иш ўринлари, меҳнат шароитлари ва ишга қабул қилиш талаблари билан танишди.


Жумладан, Сирдарё ва Сайхунобод туманларидан келган 150 нафарга яқин ёш Сирдарё туманидаги Ҳақиқат маҳалласида жойлашган «Пенг Шенг» ва «Сирдарё Мега Люкс» корхоналарига, шунингдек, Ховос туманидаги «Замон текс 24» ишлаб чиқариш корхонасига ташриф буюрди. Улар ишлаб чиқариш жараёнларини кузатишиб, корхоналарда иш бошлаш шартлари ва мавжуд вакансиялар ҳақида маълумот олишди. Бу ёшларга иш излашда назарий маълумотлар билан чекланиб қолмасдан, ишлаб чиқариш муҳити билан бевосита танишиш имконини яратди.



Сирдарё туманидаги учрашувда эса туман ҳокими Азизбек Турдимуродов ва Сирдарё вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Суҳроб Тавбоевлар ҳам иштирок этишди. Мулоқот давомида ёшлар бандлигини таъминлаш билан бир қаторда, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, мустақил даромад манбаини яратиш учун мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

— Ёшлар учун бўш иш ўринлари ҳам, тадбиркорликни бошлаш мақсадида банклардан тижорат кредитларини олиш имкониятлари ҳам мавжуд. Энг муҳими, инсонда жасорат ва қатъият бўлиши керак. «Мен иш бошлайман, ўз устимда ишлайман, тил ўрганаман, қўшимча касб эгаллайман» деган мақсад билан ҳаракат қилган ёшлар, албатта, натижага эришади. Биз ана шундай жасоратли, ташаббускор ёшларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Ҳар бир сирдарёлик ёшнинг фикрини эшитиш, муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этишга кўмаклашишга тайёр эканимни билинглар, — деди Азизбек Турдимуродов.

Дарҳақиқат, бандлик масаласини фақат бўш иш ўринларини таклиф қилиш билангина ҳал этиб бўлмайди. Ёшларнинг ўз устида ишлаши, замонавий касбларни эгаллаши, хорижий тилларни ўрганиши ва тадбиркорликка интилиши ҳам муҳим. Бунинг учун уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, мавжуд имкониятлар ҳақида тўғри маълумот бериш ва амалий кўмак кўрсатиш зарур.

Гулистон туманидаги ишсиз битирувчи ёшлар ҳам ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишди. Ишонч маҳалласида жойлашган «Мили Текс Сирдарё» МЧЖнинг ип-калава ишлаб чиқариш корхонасига ташриф чоғида уларга маҳсулот тайёрлаш босқичлари кўрсатилди. Шунингдек, корхонадаги бўш иш ўринлари, ходимлар учун яратилган шароитлар ва ишга жойлашиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Мевазор маҳалласидаги «Мевазор мебель сервис» корхонасига ташриф эса ёшларни мебелсозлик соҳаси билан яқиндан таништирди. Улар ишлаб чиқариш жараёнларини кузатишиб, ушбу йўналишда касб эгаллаш ва меҳнат фаолиятини бошлаш имкониятлари ҳақида маълумотга эга бўлишди. Бундай танишувлар ёшларнинг касбий қизиқишларини аниқлаш, қобилиятига мос йўналишни танлаш ва келгуси режаларини белгилашда муҳим ўрин тутади.

Боёвут тумани ва Ширин шаҳридаги ишсиз битирувчи ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида ҳам корхоналарга ташрифлар ташкил этилди. Хусусан, Боёвут туманидаги «Стелла Мода» тикувчилик фабрикасига ташриф давомида ёшлар тикувчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёни билан танишишди. Фабрикада 250 нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилаётгани, уларнинг 100 нафардан зиёдини ёшлар ташкил этиши эътиборга молик. Корхона маҳсулотларининг асосий қисми Россия Федерациясига экспорт қилиниши эса ҳудуднинг ишлаб чиқариш салоҳияти ва ташқи бозорлар билан ҳамкорлик кўламини намоён этади.


Гулистон шаҳридаги битирувчи ёшлар «Челеби Техтиле» тикувчилик корхонаси ва «ММХ Про» қоп ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан ҳам танишди. Улар ишлаб чиқариш жараёнларини кузатиб, бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш тартиби ва ходимлар учун яратилган меҳнат шароитлари ҳақида маълумот олишди.

— Сирдарёда ишсиз ва касб-ҳунар эгалламаган ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мазкур ташаббус уларни меҳнат бозоридаги мавжуд имкониятлар билан яқиндан таништириш, касб танлашга йўналтириш ва келгусида ўз ўрнини топишига кўмаклашишда муҳим аҳамият касб этди. Муҳими, ёшлар корхоналардаги иш жараёни, меҳнат шароити ва бўш иш ўринлари билан бевосита танишиб, ўзлари учун муносиб йўналишни белгилаш имконига эга бўлди. Тадбиркорликка қизиққан ёшлар эса ўз бизнесини йўлга қўйиш, бунинг учун тижорат кредитлари ва бошқа молиявий кўмак имкониятларидан фойдаланиш бўйича тегишли соҳа мутахассисларидан маълумот олишди. Бу бир марталик ташаббус эмас. Асосий мақсадимиз — ҳар бир ёшнинг қобилияти ва интилишини қўллаб-қувватлаш, унинг бандлигини таъминлашга амалий ёрдам бериш, — дейди Сирдарё вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Бобур Акромов.



Бундай танишувларнинг аҳамияти шундаки, ёшлар иш излаш жараёнида фақат эълонлар ёки оғзаки маълумотларга таяниб қолмайди. Улар бўлажак иш жойларини кўришади, иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилишади, меҳнат талабларини англашади ва ўз имкониятларини баҳолашади. Корхона раҳбарлари эса ишга қизиқиш билдирган ёшлар билан танишиб, истиқболли кадрларни жалб қилиш имкониятига эга бўлишади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири