Ишсизлик 4,8 фоизга тушди, иш ҳақи 17,4 фоизга ошди
2026 йилнинг биринчи чораги мамлакат меҳнат бозорида ижобий тенденциялар сақланаётганини кўрсатди. Бўш иш ўринлари сонининг ортиши, хусусий секторда бандликнинг кенгайиши, иш ҳақининг ўсиши ҳамда ишсизлик даражасининг нисбатан паст сақланиши иқтисодиётда ишбилармонлик фаоллиги ва ички талаб барқарор ривожланаётганини тасдиқламоқда.
Марказий банкнинг маълум қилишича, март ойида бўш иш ўринлари сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,8 фоизга кўпайди. Бу иқтисодиётнинг реал секторларида ишчи кучига бўлган эҳтиёж ортиб бораётганини англатади. Айниқса, хизмат кўрсатиш, чакана савдо, умумий овқатланиш ва ишлаб чиқариш соҳаларида кадрларга талабнинг юқори сақланиб қолаётгани ушбу тармоқларнинг иқтисодий ўсишдаги муҳим ўрнини яна бир бор тасдиқлайди.
Шу билан бирга, меҳнат бозорида аҳоли фаоллиги ҳам сезиларли равишда ошди. Биринчи чоракда фаол резюмелар сони 31,5 фоизга кўпайиб, 636 минг нафарга етди. Бу меҳнат бозорида иш қидираётган фуқаролар фаоллиги ортиб, замонавий ишга жойлашиш платформалари имкониятларидан кенгроқ фойдаланилаётганини кўрсатади. Бундай жараён меҳнат бозорининг очиқлиги ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бандликнинг асосий ўсиш манбаи хусусий сектор бўлиб қолмоқда. 2025 йил якунларига кўра, ушбу соҳада бандлик 5,2 фоизга ошди. Кейинги йилларда хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва янги бизнес субъектларини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар меҳнат бозорида амалий натижа бераётганини мазкур кўрсаткичлар тасдиқлайди.
Ишсизлик даражасининг 4,8 фоиз даражада шакллангани меҳнат бозорида нисбатан барқарор мувозанат таъминланаётганидан далолат беради. Бу эса янги иш ўринлари яратиш, касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган давлат дастурларининг самарадорлиги ортиб бораётганини кўрсатади.
Аҳоли даромадлари ўсишида ҳам ижобий суръатлар сақланди. Биринчи чоракда номинал иш ҳақи 17,4 фоизга, реал иш ҳақи эса 9,5 фоизга ошди. Реал иш ҳақининг ўсиши инфляция таъсири ҳисобга олинган ҳолда ҳам аҳолининг харид қобилияти мустаҳкамланаётганини англатади. Бу эса ички истеъмол бозорини қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий ўсишни таъминлашда муҳим омил ҳисобланади.
Ташқи меҳнат миграцияси билан боғлиқ пул ўтказмалари ҳажмининг 3,8 миллиард АҚШ долларига етиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 фоизга ошгани ҳам аҳоли даромадларини қўллаб-қувватлашда муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу маблағлар ички истеъмол, уй-жой шароитини яхшилаш, таълим ва кичик бизнесни молиялаштиришда муҳим ўрин тутмоқда.
Умуман олганда, 2026 йилнинг биринчи чорагида кузатилган кўрсаткичлар меҳнат бозорида ижобий ўзгаришлар изчил давом этаётганини тасдиқлайди. Ишчи кучига талабнинг ортиши, хусусий секторнинг иқтисодиётдаги ўрни мустаҳкамланиши, аҳоли даромадларининг ўсиши ва ишсизлик даражасининг нисбатан паст сақланиши мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланиши ҳамда меҳнат бозорида таркибий ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини кўрсатади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА