Ишончли вакил сайловчилар билан учрашмоқда
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Президентликка номзод Робахон Махмудованинг Наманган вилоятидаги ишончли вакили сайловчилар билан учрашди.
Чортоқ туманидаги 14-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган навбатдаги сайловолди ташвиқотида туман фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, “Адолат” СДП аъзолари, хотин-қизлар ва ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Ишончли вакил, партиянинг Наманган вилояти Кенгаши раиси, депутат Исроилжон Жўраев номзод ва унинг сайловолди дастурида илгари сурилаётган устувор мақсадлар хусусида сайловчиларга батафсил маълумот берди. Номзоднинг дастурида Ватанимиз тараққиёти йўлида ҳуқуқий демократик, адолатпарвар давлат ва барча учун фаровонлик таъминланган адолатли фуқаролик жамияти қуришнинг социал-демократик модели таклиф этилаётганлиги таъкидланди.
Номзоднинг сайловолди дастурида кўтарилган масалалар партиянинг мақсад ва ғояларига ҳамоҳанг. Ҳуқуқий давлат, ижтимоий адолатни қарор топтириш, фуқаролик жамиятини барпо этиш, иқтисодиёт, таълим ва илм-фан, соғлиқни сақлаш, экология, оилани мустаҳкамлаш, юксак маънавиятли жамият қуриш, каби йўналишлар номзоднинг асосий дастуридан ўрин олган.

– Номзоднинг сайловолди дастурида илгари сурилган “Ақлли тиббиёт” тизимининг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилиб, соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этиш кенгайтирилиши ҳамда дориларнинг ягона электрон базасини такомиллаштириш орқали уларнинг ноқонуний айланмасига, фармацевтика ва тиббиёт ходимларининг яширин келишувларига чек қўйилади, – дейди партия фаоли Шаҳнозахон Исмоилова. – Қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган номзоднинг мақсадлари биз иштирокчиларга маъқул бўлди.
Учрашув якунида ишончли вакил барчани Президентликка номзод Робахон Махмудовага овоз беришга чақирди.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА.