Ишдан бўшаган фуқароларга учинчи ой учун ҳам ўртача иш ҳақи тўланади
Ҳукуматнинг 2026 йил 28 сентябрдаги 519-сон қарори билан меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилинган шахсларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча кафолатлардан фойдаланиш тартиби белгиланди.
Янги тартибга кўра, меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилинган шахс ишдан бўшаганидан кейин 30 календарь кун ичида Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали мурожаат қилиши мумкин.
Мурожаат асосида маҳаллий меҳнат органи зарур ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилган тақдирда, фуқарони иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олади. Бу ҳақда тегишли маълумотнома берилади.
Мазкур маълумотнома асосида фуқаро ишдан бўшаганидан кейинги учинчи ой учун ҳам аввалги иш жойидан ўртача ойлик иш ҳақини олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Шу билан бирга, белгиланган 30 календарь кунлик муддат ўтгандан кейин берилган мурожаатлар кўриб чиқилмайди.
Давлат хизмати кўрсатилгани учун фуқародан ҳеч қандай тўлов ундирилмайди.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА