Ишбилармон аёллар сафи кенгаймоқда (+видео)
Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят Кенгаши томонидан “Ишбилармон аёл – 2026” кўрик-танловининг вилоят ҳудудий босқичи ўтказилди.
Бугунги кунда партия томонидан хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш ва бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, мазкур ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Маҳалланинг ишбилармон аёли” лойиҳаси ҳамда “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда.
– Ўн бир йилдан бери мана шу кўрик-танлов ўтказилаётган бўлса, йилдан-йилга шундай бир тенденция бўляптики, хизмат турлари, ишлаб чиқариш маҳсулотлари кўпайиб боряпти, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулшана Худоёрова. – Кўпчилик ишбилармон аёлларимиз нафақат ўзимизда, балки экспорт салоҳиятимизга ҳам катта ҳисса қўшиб келишяпти. Бугун муҳтарам Президентимиз томонидан хотин-қизларимизга имкониятлар берганлари ва бу ташаббуслар қўллаб-қувватланиб, хизмат турлари оширилгани учун хотин-қизларимиз касб-ҳунарга ўқитилди. Хотин-қизларимиз яхши кайфиятда. Ўз режалари билан қатнашяпти. Хотин-қизларимизга берилаётган имтиёзли кредитлар, субсидиялар сони тўққиз триллион сўмдан ошиб кетди. Бугун партиямизда биргина “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови доирасида қилинган саъй-ҳаракатлар йилдан-йилга ўзининг меваларини бериб, мамлакатимиз иқтисодиётига ҳам катта улушини қўшяпти.
“Ишбилармон аёл – 2026” кўрик-танловининг туман-шаҳар босқичларида эса 115 нафар тадбиркор ва 394 нафарга яқин иштирокчи қатнашди.
Танловнинг маҳалла ва туман-шаҳар босқичларида сараланган 11 нафар фаол тадбиркор хотин-қиз вилоят босқичида ўз бизнес фаолияти ва тайёрлаган маҳсулотлари кўргазмасини намойиш этди.
Якунда Хатирчи туманидаги “Нурмонова Чарос Бердиёровна” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Чарос Нурмонова “Ишбилармон аёл – 2026” кўрик-танловининг Навоий вилояти ҳудудий босқичи ғолиби деб топилди.
[gallery-31582]
– Икки юзга яқин пудратчи ишчиларим бор, – дейди Чарос Нурмонова. – Улар билан узум маҳсулотлари етиштириб, уларни майиз қилиб, четга экспорт қилдим . Мен кўплаб давлат, республика форумларида ҳам қатнашганман. У ерда кўплаб шартномаларни қўлга киритганман. Президентимиз жудаям катта эътибор беряпти тадбиркор аёлларга, фермер аёлларга. Олдин жуда кўп ҳокимларнинг мажлислари бўларди. Ҳозир йўқ, ундай эмас. Семинарларга борамиз, ўзимизга керакли тушунчалар оламиз, ўқув марказларида ўқиб келамиз. Президентимизнинг эътибори билан мен 2019 йили Вестминстер институтига бордим. Британиядан бизларга мутахассислар, тадбиркор аёллар келиб, бизларга дарс ўтди. Ўшанда биз бизнес нима, маркетинг нима, бозорда ютиб чиқиш, бозорда қандай жой эгаллаш, бозор нима эканлиги, бизнес-режани қандай тузиш – ҳаммаси бўйича ўзимизга билимлар олиб, ундан кейин яна шаклландик. Президентимизга катта раҳмат, бизни жудаям қўллаб-қувватлаяпти. Йўлимиз очиқ, экспорт қиламиз. Олдин экспорт қиламиз десак, ўртада бир воситачи бўларди-да, пулларимизни ололмай қийналардик. Ҳозир эса вазият ўзгарган. Ўзимиз ҳақиқий сотувчи бўлиб иш олиб бормоқдамиз.
Тадбир сўнгида ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, фаол иштирокчилар муносиб тақдирланди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат, видео),
ЎзА мухбирлари