Иш бор жойда имконият бор
Ўрта Чирчиқ туманида аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсиз фуқароларни доимий даромад манбаига эга қилиш ҳамда меҳнат бозоридаги талаб ва таклифни уйғунлаштириш мақсадида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ўтказилди.
Туман ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Тошкент шаҳри ва вилоятида жойлашган юзга яқин йирик, ўрта ва кичик ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш корхоналари, тадбиркорлик субъектлари иштирок этди.
Меҳнат ярмаркасида 3 минг нафарга яқин фуқарога турли йўналишлардаги бўш иш ўринлари таклиф этилди. Иштирокчилар иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилиб, корхоналардаги мавжуд вакансиялар, меҳнат шароитлари ва яратилаётган имкониятлар билан танишди. Шунингдек, ҳудудда фаолият юритаётган мономарказлар томонидан меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб ва мутахассисликлар бўйича ташкил этилаётган ўқув курслари ҳақида маълумот берилди.

Ярмарка доирасида иш излаётган фуқароларни бевосита корхоналарга олиб бориб, иш жараёни ва меҳнат шароитлари билан таништиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса иш берувчи ва иш изловчи ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш, фуқароларнинг касб ва иш ўрни танлашида муҳим аҳамият касб этди.
– Мазкур саъй-ҳаракатларимиз туфайли 500 нафарга яқин аҳоли ишли бўлди, – дейди Ўрта Чирчиқ тумани ҳокими ўринбосари Улуғбек Акбаров. – Ярмарка доирасида фуқароларимиз ҳудудимизда фаолият юритаётган йирик ишлаб чиқариш корхоналарига олиб борилди. У ерда мутахассислар томонидан меҳнат шароити, ишчилар учун яратилган қулайликлар ҳақида маълумот берилди. Шу жойнинг ўзида кўплаб фуқаролар ишга кириш истагини билдирди. Бундан ташқари, юз нафарга яқин фуқаро касбга ўқитиш мақсадида мономарказларга жалб қилинди. Улар келгусида танлаган соҳалари бўйича билим ва кўникмаларини оширади.

Таъкидлаш жоизки, мазкур меҳнат ярмаркаси Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида жорий йил 3 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилди.
– Бугунги меҳнат ярмаркаси биз каби иш излаётганларга жуда фойдали бўлди, – дейди “Галаботир” МФЙда яшовчи Маҳлиё Розиқулова. – Икки нафар фарзандим бор. Уларга қараганим сабабли кўп йиллар ишга жойлашолмадим. Тумандаги раҳбарларга раҳмат, биз каби фуқаролар бандлигини таъминлаш учун қулайлик яратяпти. Уларнинг ёрдами билан мен ҳам текстиль корхонасида иш бошлаяпман.

Бундай тадбирлар нафақат ишсиз аҳолини банд қилиш, балки фуқароларни замонавий касбларга ўқитиш, уларнинг даромад манбаларини кенгайтириш ва меҳнат бозорида рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА