Иқтидорлар сараланмоқда: “Мирзо Улуғбек ворислари” танлови янги босқич арафасида
Юртимизда илм-фан ва инновация соҳасига қизиқувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини юзага чиқаришга қаратилган “Мирзо Улуғбек ворислари” танловининг биринчи босқичи якуний паллага кирди. Мазкур танлов нафақат иқтидорли ёшларни кашф этиш, балки уларни замонавий технологиялар ва муҳандислик йўналишларига кенг жалб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жорий йилнинг март–апрель ойлари давомида республика бўйлаб 208 та туман (шаҳар)да танловнинг 1-босқичи бўлиб ўтмоқда. Тегишли Низомга мувофиқ, ҳар бир ҳудуддан 5 нафардан ғолиб аниқланиб, улар танловнинг кейинги — 2-босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритади.
Айниқса, апрель ойининг юртимизда “Муҳандислик ойлиги” деб эълон қилингани танлов аҳамиятини янада оширмоқда. Бу эса ёшларнинг муҳандислик, технология ва инновациялар соҳасидаги билим ва кўникмаларини намоён этиши учун янада кенг имкониятлар яратади.
Танловнинг 2-босқичи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри кесимида апрель ойида ўтказилиши режалаштирилган. Бу босқичда энг сара иштирокчилар сараланиб, улар орасидан энг муносиблари кейинги босқичларга йўл олади.
“Мирзо Улуғбек ворислари” танлови — бу нафақат беллашув, балки келажак олимлари, муҳандислари ва ихтирочиларини тарбиялашга хизмат қилувчи муҳим майдон ҳисобланади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА