Иқлим ўзгариши ва фавқулодда вазиятларга тайёр ижтимоий ҳимоя тизими шакллантирилмоқда
Хабар берганимиздек, жорий йилнинг 7-9 июль кунлари Тошкент шаҳрида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан адаптив ижтимоий ҳимоя ҳамда иқлим ўзгаришига мослашишнинг асосий тамойиллари бўйича тренерларни тайёрлаш (ToT) дастури ўтказилди.
Бугун мазкур ўқув дастурининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Ушбу ташаббус мамлакатда ижтимоий ҳимоя тизимининг самарадорлигини янада ошириш, уни иқлим ўзгариши, табиий офатлар ва бошқа фавқулодда вазиятларга мослаштириш, шунингдек, аҳолига кўрсатиладиган ижтимоий хизматларнинг барқарорлиги ва узлуксизлигини таъминлашга қаратилган.
Тренингда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда туманлардаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларидан икки нафардан мутахассис иштирок этди. Улар келгусида ҳудудлардаги ижтимоий соҳа ходимлари учун ўқув семинарларини ташкил этадиган маҳаллий тренерлар сифатида фаолият юритади.
[gallery-30324]
Ўқув жараёни катталар таълими тамойиллари асосида интерактив машғулотлар ва якка тартибдаги коучинг усуллари орқали ташкил этилди. Дастур доирасида иштирокчилар иқлим ўзгариши ва табиий офатлар билан боғлиқ хавф-хатарларни баҳолаш, фавқулодда вазиятларга тезкор муносабат билдириш, эрта огоҳлантириш механизмларидан самарали фойдаланиш, давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш, шунингдек, тренингларни режалаштириш ва гуруҳ динамикасини бошқариш бўйича назарий ҳамда амалий кўникмаларни мустаҳкамлади.
Лойиҳанинг кейинги босқичида мазкур тренерлар июль-август ойларида республика бўйлаб ҳудудий ўқув семинарларини ўтказади. Бу орқали 850 нафарга яқин мутахассис қамраб олинади. Улар сафидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалари ходимлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек, «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари мутахассислари ўрин олади.
Мазкур дастур ижтимоий ҳимоя тизимининг турли инқирозли вазиятларга тайёрлигини мустаҳкамлаш, аҳоли эҳтиёжларини олдиндан баҳолаш имкониятларини кенгайтириш ва идоралараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Шу тариқа, адаптив ижтимоий ҳимоя тамойилларини амалиётга кенг жорий этиш орқали мамлакатимизда замонавий, барқарор ва аҳоли эҳтиёжларига тезкор жавоб бера оладиган ижтимоий ҳимоя тизимини шакллантириш йўлида яна бир муҳим қадам қўйилди.
Шаҳноза Маматуропова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА