Инвестициядан инновациягача: Ўзбекистон-Корея ҳамкорлигининг янги манзараси
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган “Ўзбекистон – Корея” бизнес форуми икки давлат иқтисодий алоқаларини янада чуқурлаштиришга қаратилган муҳим мулоқот майдонига айланиши кутиляпти. Тадбир нафақат янги лойиҳалар учун имконият яратади, балки саноат кооперацияси, инновация ва юқори технология соҳаларидаги ҳамкорликка қўшимча суръат бағишлайди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Корея Республикаси муносабатлари иқтисодий шерикликнинг самарали намунаси сифатида шаклланмоқда. Корейс компаниялари мамлакатимизда автомобиль саноати, электроника, энергетика, таълим ва рақамли технология каби муҳим йўналишларда йирик лойиҳалар амалга ошириб келмоқда. Навбатдаги бизнес форуми мазкур ҳамкорликни янги мазмун билан бойитишга хизмат қилади.
Форум доирасида республикамизнинг инвестиция салоҳияти тақдимоти, бизнес ва саноат вакиллари иштирокида мунозаралар, B2B ва G2B учрашувлари, истиқболли лойиҳалар юзасидан музокаралар ҳамда келишувлар имзолаш маросимлари ўтказилади. Демак, тадбир расмий чиқишлар билан чекланмай, амалий натижага йўналтирилган платформалардан бирига айланмоқда.
[gallery-29947]
Кун тартибига киритилган йўналишлар замонавий иқтисодиётнинг муҳим нуқталарини қамраб олгани билан диққатга сазовор. Сармоя, халқаро савдо, инновация, рақамли трансформация, логистика, қишлоқ хўжалиги технологияси ва яшил иқтисодиёт соҳаларидаги ҳамкорлик икки мамлакат ишбилармон доиралари учун кенг имкониятлар яратади. Функционал озиқ-овқат маҳсулотлари мавзуси ҳам муҳокамага қўйилиши Кореянинг юқори қўшимча қиймат яратувчи саноат тармоғидаги тажрибасига қизиқиш ортаётганини кўрсатади.
Бугунги глобал рақобат шароитида мамлакатлар иқтисодий ўсишни таъминлаш учун нафақат капитал, балки технология ва билимни ҳам жалб этишга интилади. Шу нуқтаи назардан ушбу жараён юртимизга илғор бошқарув тажрибаси, юқори технология ва экспортбоп ишлаб чиқариш занжирига интеграциялашиш имконини беради. Корея бизнеси учун эса Ўзбекистон Марказий Осиё бозорига чиқиш йўлидаги муҳим таянч нуқта сифатида аҳамиятга эга.
Анжуманнинг яна бир муҳим жиҳати савдо шериклиги доирасида давом этаётган ўзаро муносабатларни узоқ муддатли саноат ва инновация шериклиги даражасига олиб чиқади. Янги сармоя, қўшма корхоналар ва технология ҳамкорлиги лойиҳалари эса алоқаларни янада мустаҳкамлаши шубҳасиз.
Бошқача айтганда, Тошкент бизнес форуми иқтисодий дипломатиянинг амалий натижасини намоён этувчи самарали воситаси сифатида икки мамлакат муносабатлари тарихида яна бир муҳим саҳифа очади.
Мусулмон Зиё, Ойбек Пардаев (фото), ЎзА