Инвестиция сиёсати: Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиёт модели
Жаҳон иқтисодиётида инвестиция иқтисодий ўсиш, инновациялар ва барқарор тараққиётнинг энг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Хорижий сармоя нафақат янги ишлаб чиқариш қувватларини яратади, балки замонавий технологиялар, илғор бошқарув тажрибаси ва рақобатбардош иқтисодиётни шакллантиришга ҳам хизмат қилади. Шу боис бугун мамлакатлар ўртасида инвесторлар учун ишончли ва жозибадор муҳит яратиш борасида рақобат тобора кучайиб бормоқда.
Ўзбекистон ҳам кейинги йилларда очиқ ва прагматик иқтисодий сиёсатни изчил амалга ошириб, халқаро капитал учун ишончли ҳамкор сифатида ўз ўрнини мустаҳкамламоқда. Бу борада мамлакатимиз тажрибаси бежизга юқори баҳоланаётгани йўқ. Зеро, Буюк Ипак йўлининг муҳим чорраҳасида жойлашган юртимиз азалдан савдо-сотиқ, сармоя, технология ва маданий алмашинув марказларидан бири бўлиб келган. Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган инвестиция сиёсати ана шу тарихий анъаналарнинг замонавий давомидир.
Президентимиз иштирокида ўтган Тошкент халқаро инвестиция форуми мамлакат иқтисодиётида бошланган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, Ўзбекистоннинг халқаро сармоя сиёсатидаги устувор мақсадларини яна бир бор намоён этди. Форумда билдирилган ташаббуслар иқтисодиётни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, хусусий сектор фаоллигини ошириш ва мамлакатнинг глобал иқтисодий жараёнлардаги иштирокини кенгайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Буни рақамлар ҳам яққол тасдиқлайди. Кейинги йилларда мамлакатимиз иқтисодиётига 150 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестиция жалб этилди. Эътиборлиси, ушбу маблағнинг 123 миллиард доллари сўнгги беш йил ҳиссасига тўғри келади. Бу эса иқтисодий ислоҳотлар самарадорлиги, инвестиция муҳитининг яхшиланиши ва халқаро инвесторларнинг Ўзбекистонга бўлган ишончи тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Тўрт йил аввал ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2026 йилга қадар 100 миллиард долларга етказиш вазифаси белгиланган эди. Бугунги кунда эса мамлакат иқтисодиёти ҳажми 180 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Бу иқтисодий ўсиш суръатлари изчил давом этаётгани ва амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини кўрсатади.
Форумда илгари сурилган ташаббусларни шартли равишда учта устувор йўналишга ажратиш мумкин.
Биринчиси, инвесторлар учун ҳуқуқий ва институционал кафолатларни янада кучайтиришдир. Инвестор учун энг муҳим омиллардан бири ҳуқуқий барқарорлик ва ишончли суд тизими ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан Тошкент халқаро молия марказининг ташкил этилиши мамлакат инвестиция муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Марказда Англия ҳуқуқи тамойилларининг жорий этилиши, мустақил тижорат судининг ташкил қилиниши ҳамда инвесторлар учун яратилган солиқ ва божхона имтиёзлари Ўзбекистоннинг минтақадаги рақобатбардошлигини янада оширади. Мамлакатимиз томонидан Сингапур конвенциясига қўшилиш бўйича билдирилган ташаббус ҳам халқаро медиация тизимини ривожлантириш ва инвесторлар ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Иккинчи муҳим йўналиш мамлакатнинг халқаро молия бозорлари билан интеграциясини чуқурлаштиришдан иборат. Давлат иштирокидаги йирик корхоналар акцияларининг Лондон фонд биржаси орқали хорижий инвесторларга таклиф этилиши капитал бозорида мутлақо янги босқични бошлаб бермоқда. Шу билан бирга, суверен ислом облигациялари – Сукук дастурининг йўлга қўйилиши Яқин Шарқ ва бошқа мамлакатлардаги ислом молияси ресурсларини иқтисодиётимизга жалб этиш учун кенг имкониятлар очади. Мутахассислар баҳолашича, бу орқали мамлакат иқтисодиётига камида 10 миллиард доллар қўшимча капитал жалб қилиш имконияти мавжуд.
Учинчи устувор йўналиш келажак иқтисодиётини шакллантириш билан боғлиқ. Бугун дунёда рақобатбардошлик табиий ресурслар эмас, балки билим, инновация ва юқори технологиялар билан белгиланмоқда. Шу нуқтаи назардан Қорақалпоғистонда сунъий интеллект соҳаси учун махсус ҳудуд ташкил этилиши, унга узоқ муддатли солиқ имтиёзлари ва қулай энергетика шартларининг яратилиши мамлакатимизда юқори технологиялар экотизимини шакллантиришга хизмат қилади. Яқин беш йилда сунъий интеллект орқали 10 миллиард долларлик қўшимча қиймат яратилиши прогноз қилинаётгани мазкур соҳанинг иқтисодиёт драйверларидан бирига айланишини англатади.
Тошкент халқаро инвестиция форумининг яна бир муҳим жиҳати унинг амалий натижаларга йўналтирилганидадир. Форум доирасида давлат идоралари, ҳудудлар раҳбарлари ва хорижий инвесторлар ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқот инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёнини жадаллаштиришга хизмат қилади. Бу эса бюрократик тўсиқларни қисқартириш, қарор қабул қилиш жараёнини тезлаштириш ҳамда инвестор билан маҳаллий ижрочилар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш имконини беради.
Форумда 100 га яқин мамлакатдан 4 мингга яқин меҳмон, жумладан, давлат раҳбарлари, йирик компаниялар ва нуфузли халқаро молия институтлари вакилларининг иштирок этгани Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб бораётганини яна бир бор тасдиқлади.
Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган инвестиция сиёсати иқтисодиётга капитал жалб қилиш билангина чекланмайди. У мамлакатнинг халқаро иқтисодий муносабатлардаги ўрнини мустаҳкамлаш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган узоқ муддатли тараққиёт стратегиясининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Тошкент халқаро инвестиция форуми эса ушбу стратегиянинг амалий ифодаси сифатида Ўзбекистоннинг очиқ, ишончли ва истиқболли инвестиция макони эканини яна бир бор намоён этди.
Низомиддин Қўлдашев
ФарДУ тилшунослик кафедраси мудири.
ЎзА