Интеллектуал юксалиш ва рақамли келажак: ОКМК саноатнинг янги даврига қадам қўймоқда
Бугунги шиддатли глобаллашув ва технологик инқилоб даврида сунъий интеллект шунчаки замонавий тренд эмас, балки саноат тараққиётининг энг қудратли ҳаракатлантирувчи кучига айланди. Рақамли технологияларнинг ишлаб чиқариш тизимига жадаллик билан кириб бориши иқтисодиётнинг "қон томири" ҳисобланган йирик комбинатлар фаолиятида янги даврни бошлаб берди.
Хусусан, мамлакатимиз тоғ-кон саноатининг флагмани бўлган Олмалиқ кон-металлургия комбинатида сунъий интеллект ечимларини татбиқ этиш орқали нафақат юқори самарадорликка эришилмоқда, балки инсон омили ва хавф-хатарларни минималлаштиришнинг инновацион моделлари яратилмоқда. Комбинат мутахассисларининг интеллектуал салоҳияти меваси бўлган "EM AI (Lab)", "EM AI (Tyre)" ва "EM AI (Oil)" дастурлари бугунги кунда технологик жараёнларни бошқаришда янгича мазмун ва сифат касб этмоқда.
Мазкур янги авлод интеллектуал тизимлари транспорт воситаларига хизмат кўрсатишда анъанавий ёндашувдан башоратли бошқарув моделига ўтишни таъминлайди. Ушбу дастурий ечимлар техниканинг интеллектуал диагностикаси, бузилишларни прогноз қилиш, лаборатория жараёнларини рақамлаштириш ҳамда агрегатларнинг ягона маълумотлар базасини шакллантириш имконини беради. Бу эса ресурсларни (мойлар, шиналар, узеллар) маълумотлар асосида оқилона бошқариш демакдир. Шунингдек, тизим реал вақт режимида онлайн мониторинг олиб бориш, ускуналарнинг "рақамли эгизакларини" шакллантириш ва техниканинг ҳаётий циклини назорат қилиш имкониятларини тақдим этади. Натижада техника парки тўлиқ шаффоф, бошқариладиган ва техник ҳолати олдиндан аён бўлган тизимга айланмоқда.
EM AI (Lab) — лаборатория ва операцион маълумотларни ягона рақамли муҳитга бирлаштирувчи ақлли платформадир. Ҳозирда ушбу тизимни жорий этиш ишлари якуний босқичга чиққан. Платформа техниканинг фойдаланиш тарихи акс этган "рақамли паспортларини" яратиш, қоғозбозликдан воз кечиш ҳамда QR-кодлар ёрдамида намуналар ҳисобини автоматлаштиришни таъминлайди. Энг муҳими, СИ технологиялари техника эскиришининг илк белгиларини аниқлайди. Яъни, транспорт воситасининг иш режими қайд этилиб, эҳтиёт қисмлар носоз ҳолатга келишидан аввал хабар беради. Бу муҳандислик хизматлари учун аниқ таҳлилий хулосалар бериб, кутилмаган бузилишларнинг олдини олади.
Мазкур тизим ёрдамида бир ой ичида 3 та автосамосвал двигателининг жиддий шикастланиши олди олинди. СИ берган тавсиялар асосида техникалар тўхтатилиб текширилганда, ҳақиқатдан ҳам носозликлар борлиги тасдиқланди. Эҳтиёт қисмлар ўз вақтида алмаштирилиши натижасида 12,6 миллиард сўмлик иқтисодий самарадорликка эришилди.
Эътиборли жиҳати, комбинат мутахассислари ишлаб чиққан ушбу технологияларни бошқа йирик саноат корхоналарида ҳам қўллаш мумкин. Бу нафақат иқтисодий фойда келтиради, балки ишлаб чиқаришни бошқаришнинг янги стандартларини белгилаб беради. Бу ерда гап шунчаки янги дастур ҳақида эмас, балки хавф-хатарлар олдиндан башорат қилинадиган мутлақо янги саноат модели ҳақида кетмоқда.
Тизимни ривожлантириш доирасида қуйидаги ихтисослаштирилган ечимлар ҳам татбиқ этилди.
- EM AI (Oil) — мойлаш материалларини интеллектуал бошқариш тизими.
- EM AI (Tyre) — шиналар ҳолатини мониторинг ва таҳлил қилиш тизими.
Барча ечимлар ягона рақамли экотизимга бирлаштирилган ва синхрон ҳолатда ишлайди.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар шунчаки техник янгиланиш эмас, балки миллий саноатнинг интеллектуал юксалишидир. Бугунги ютуқлар — фақатгина катта йўлнинг бошланиши. Зеро, жамоанинг стратегик мақсади — ишлаб чиқаришнинг ҳар бир бўғинида рақамли тафаккурни қарор топтириш ва жаҳон бозорида рақобатбардошликни янги поғонага олиб чиқишдан иборат. Ушбу интеллектуал ечимлар "Рақамли ОКМК – 2030" стратегияси доирасида белгиланган улуғвор мақсадларга эришишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида, юртимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлашга қўшилган муносиб ҳисса бўлиб тарих саҳифаларидан жой олади.
ОКМК Ахборот хизмати,
ЎзА