Инсульт мияни қандай зарарлайди?
Халқаро олимлар гуруҳи инсультдан кейин миянинг қайси қисмлари қўшимча зарарланиш хавфи остида эканини аниқлашга ёрдам берадиган графен сенсори яратди. Сичқонда синовдан ўтказилган технология келажакда даволаш усулини аниқ танлаш ва мия тўқимаси янада шикастланишини камайтириш имконига эга.
Ишемик инсультда қон томири тўсилиб, миянинг муайян қисмига қон бориши тартиби бузилади. Афсуски, зарарланиш шу билан чекланмайди: мия тўқимасида тарқаладиган ғайри табиий электр тўлқини шикастланишни кучайтиради. Графен асосидаги юқори сезгир сенсор айнан шу электр ўзгаришини қайд этиб, нисбатан соғлом, хавф остидаги ва оғир зарарланган тўқималарни фарқлай олади. Олимлар хавфли ҳудудда қон оқими янада пасайиши мумкинлигини ҳам аниқлаган.
Тадқиқотда кетаминнинг кам миқдори зарарли электр тўлқини давомийлигини қисқартиргани, қон оқими реакциясини яхшилагани ва тажриба ҳайвонида мия шикастланишини камайтиргани кузатилди. Натижа ҳали одамда тасдиқланмаган.
“Brain” илмий журналида чоп этилган бу иш муаллифлари Испания Миллий илмий тадқиқот кенгаши, Манчестер университети ва бошқа муассасалар олимларидан иборат. Мазкур технология ҳозирча клиник олди тадқиқот босқичида бўлиб, келажакда инсульт пайти мия тўқимаси ҳолатини реал вақтда кузатишга ёрдам бериши кутиляпти.
Мусулмон Зиё, ЎзА