Инсон манфаатлари устуворлиги – Конституциявий суд ислоҳотларининг бош мақсади
Фармон ва ижро
Мамлакатимизда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоялаш ҳамда давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган изчил сиёсат амалга оширилмоқда.
Маълумки, бу жараёнда Конституциявий суднинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. У қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлигини таъминлаш орқали жамиятда ҳуқуқий барқарорлик ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу боис, мазкур институт фақат назорат органи сифатида эмас, балки ҳуқуқий давлат барпо этишнинг муҳим устуни сифатида намоён бўлмоқда.
Айнан шу мақсадлардан келиб чиқиб 2025 йил декабрь ойида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони суд-ҳуқуқ соҳасида янги босқични бошлаб берган муҳим сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат сифатида алоҳида аҳамият касб этади.

Мазкур фармонда белгиланган вазифалар ўзаро узвий боғлиқ бўлиб, Конституциявий суд фаолиятини ҳар томонлама модернизация қилишга қаратилган. Хусусан, фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш орқали инсон манфаатлари устуворлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Бу вазифаларнинг амалий ифодаси сифатида мурожаатларни кўриб чиқиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва давлат хизматларини аҳолига янада яқинлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берилган. Натижада, ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда янада қулай ва самарали имкониятларга эга бўлади.
Шу билан бирга, Конституциявий суд ваколатларининг кенгайтирилиши ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти устидан таъсирчан назоратни таъминлашга хизмат қилади. Бу эса демократик тамойилларни мустаҳкамлаш, давлат органлари фаолиятида қонунийлик ва масъулиятни оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Фармонда назарда тутилган яна бир муҳим йўналиш бу – суд фаолиятини рақамлаштиришдир. Замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали суд тизимини очиқ, шаффоф ва самарали механизмга айлантириш кўзда тутилган. Хусусан, “E-KSUD” ахборот тизими орқали фуқароларга электрон мурожаат қилиш, иш жараёнларини онлайн кузатиш, суд мажлисларини жонли эфирда томоша қилиш каби замонавий имкониятлар яратилмоқда.
Бу эса нафақат фуқаролар учун қулайлик яратади, балки жамоатчилик назоратини кучайтириш орқали суд органларига бўлган ишончни мустаҳкамлайди. Шу билан бирга, рақамлаштириш орқали инсон омилининг камайиши коррупция хавфини пасайтириш, қарор қабул қилиш жараёнида холисликни таъминлашга хизмат қилади.
Хусусан, суд фаолияти учун зарур дастурий таъминот, ахборот тизимлари, техник ускуналар ва интегратор билан ҳамкорликда ташкил этиладиган инфратузилма орқали самарали ва хавфсиз рақамлаштириш жараёнлари таъминланади. Бу эса Конституциявий суднинг институционал салоҳиятини кучайтириб, унинг қарорлари ва тавсиялари амалда самарали ижро этилишини таъминлайди. Натижада, суд фақат назарий назорат органи бўлиб қолмай, балки жамиятда қонунийлик ва адолатни таъминловчи таъсирчан институт сифатида амал қилади.
Шунингдек, Конституциявий суднинг институционал салоҳиятини кучайтириш, унинг қарорларини амалиётга самарали жорий этиш, мурожаатлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва конституциявий шикоят институтини ривожлантириш каби муҳим масалалар ҳам қамраб олинган. Бу эса суд фаолиятининг амалий таъсирини янада оширишга замин яратади.
Айниқса, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш механизмларининг такомиллаштирилиши, мурожаатларни кўриб чиқишда шаффофликнинг таъминланиши ва ҳуқуқий тушунтиришлар берилиши аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Шу тариқа, ўтган қисқа вақт ичида мазкур фармон нафақат суд тизимини такомиллаштиришга, балки жамиятда адолат, қонунийлик ва тенглик тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар дастури сифатида намоён бўлиб келмоқда.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, жорий йил февраль ойида қабул қилинган “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонида ҳам Конституция ва қонунлар устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилишга оид бир қатор мақсадлар назарда тутилган.
Ушбу мақсадлар доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини ишлаб чиқиш ҳамда аҳоли кундалик ҳаётига бевосита таъсир қилувчи соҳаларда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни инсон ҳуқуқларига оид халқаро стандартларга мувофиқлаштириш каби чора-тадбирлар белгиланган.
Умуман олганда, инсон ҳуқуқларига оид Миллий стратегияни ишлаб чиқиш ва қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш каби чора-тадбирлар аҳоли фаровонлигини оширишга бевосита таъсир кўрсатади.
Хусусан, таълим, соғлиқни сақлаш, меҳнат муносабатлари каби муҳим соҳаларда қабул қилинаётган қарорлар инсон манфаатларини устувор қўйган ҳолда такомиллаштирилади. Натижада фуқаролар учун янада қулай шарт-шароитлар яратилиб, жамиятда ижтимоий адолат ва барқарор тараққиёт таъминланади.
Хулоса қилиб айтганда, Конституциявий суд ислоҳотлари мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш ва инсон манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган тизимли ўзгаришларнинг янги босқичини бошлаб берди. Қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон, Конституциявий суднинг 30 йиллик бой тажрибаси ҳамда замонавий рақамли технологияларни жорий этиш чоралари ўзаро уйғунлашган ҳолда конституциявий назорат самарадорлигини сифат жиҳатидан янги поғонага кўтармоқда.
Айнан шу кўп йиллик тажриба суд фаолиятида тўпланган билим ва институционал салоҳиятни янада самарали сафарбар этиш имконини бермоқда. Бу эса белгиланган вазифаларнинг изчил ва натижадор ижросини таъминлаб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Бугунги кунда суд жараёнларининг очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлиги таъминланиб, рақамлаштириш орқали фуқаролар учун адолатга эришиш имкониятлари янада кенгаймоқда. Энг муҳими, ушбу ислоҳотлар марказида инсон қадри ва унинг ҳуқуқлари устуворлиги тамойили устувор аҳамият касб этмоқда. Бу эса давлат ва жамият ўртасидаги ҳуқуқий ишончни мустаҳкамлашга замин яратади.
Мазкур ўзгаришлар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифаларга тўла мос бўлиб, суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш йўлида муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан, Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг институционал имкониятларини кенгайтириш ва рақамли трансформацияни чуқурлаштириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Келгусида ҳам Конституциявий суд ўзининг бой тажрибаси ва замонавий ёндашувларга таянган ҳолда Янги Ўзбекистонда адолат, қонунийлик ва тенглик тамойилларини таъминловчи муҳим институт сифатида янада мустаҳкамланиб боради.
Нилуфархон САИД-ГАЗИЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди
Девон раҳбари, ю.ф.д.
ЎзА