Инсон капиталига инвестициялар – Марказий Осиё келажагининг асоси
Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик сиёсий ва савдо-иқтисодий муносабатлар билан чекланиб қолмай, таълим, меҳнат бозори ва инсон капиталини ривожлантириш каби стратегик йўналишларни ҳам қамраб олмоқда. Айниқса, минтақада аҳоли сонининг ўсиши, иқтисодиёт тармоқларининг модернизация қилиниши ва янги қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиши малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжни янада оширмоқда.
Қайд этиш керакки, жорий йилнинг 8 октябрь куни Туркманистоннинг “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуслар алоҳида аҳамият касб этади. Хусусан, талаб юқори бўлган касблар ва компетенцияларнинг минтақавий атласини ишлаб чиқиш таклифи меҳнат бозоридаги эҳтиёжларни олдиндан аниқлаш, таълим тизимини иқтисодиёт талабларига мослаштириш ҳамда ёшлар учун муносиб бандлик имкониятларини кенгайтиришга қаратилгани билан эътиборга молик.
Хўш, мазкур ташаббус Марказий Осиё давлатлари учун қандай янги имкониятлар яратади? Минтақавий меҳнат бозорини мувофиқлаштириш, замонавий касблар бўйича мутахассислар тайёрлаш ва инсон капиталини ривожлантиришда унинг стратегик аҳамияти нималарда намоён бўлади?
Ушбу саволлар юзасидан ЎзА мухбири Марказий Осиё халқаро институти етакчи илмий ходими Самандар Исмоилов фикрларини ёзиб олди.

– Аввало, таъкидлаш жоизки, Туркманистондаги саккизинчи Маслаҳат учрашувида давлатимиз раҳбари талаб юқори бўлган касблар ва компетенцияларнинг минтақавий атласини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.
Президентимизнинг ушбу таклифи меҳнат бозори эҳтиёжларини прогноз қилиш ҳамда иқтисодиётнинг истиқболли тармоқлари учун мутахассислар тайёрлаш борасида ўзаро мувофиқлаштирилган ёндашувни шакллантиришга қаратилган. Атлас талаб юқори бўлган касблар бўйича миллий прогнозларни бирлаштириш, таълим дастурларини минтақа давлатларининг реал эҳтиёжларига олдиндан мослаштириш имконини беради.
Мазкур ташаббус Марказий Осиёдаги демографик тенденциялар нуқтаи назаридан алоҳида долзарблик касб этмоқда. Бугунги кунда минтақанинг бешта мамлакати аҳолиси 83 миллион нафардан ошган бўлиб, БМТ тахминига кўра, 2040 йилга бориб 100 миллион нафардан ортиши мумкин. Шу билан бирга, аҳоли таркибида ёшлар улушининг юқорилиги келгусида иқтисодий ривожланиш учун қулай шарт-шароит яратмоқда.
Бироқ демографик ўсишнинг ўзи аҳоли фаровонлиги ошишини кафолатламайди. Бунда мамлакатларнинг ёш авлодни замонавий билимлар, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар ва самарали бандлик имкониятлари билан таъминлаш салоҳияти ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Шу нуқтаи назардан, Минтақавий атласнинг стратегик аҳамияти кадрлар тайёрлашни асосан миллий даражада режалаштиришдан бутун Марказий Осиёнинг келгуси тараққиёти учун зарур бўлган касбий компетенцияларга эҳтиёжни биргаликда прогноз қилиш тизимига ўтишда намоён бўлади.
Ҳозирги вақтда минтақа ўлкаларида кадрларга бўлган эҳтиёж, асосан, миллий даражада, турли методологиялар ва режалаштириш муддатлари асосида баҳоланмоқда. Бунда қўшни давлатлар меҳнат бозорларининг эҳтиёжлари чекланган даражада инобатга олинмоқда. Меҳнат мобиллиги юқори бўлган ва қўшма иқтисодий лойиҳалар кўлами кенгайиб бораётган шароитда мазкур ҳолат мутахассислар тайёрлаш жараёнини минтақавий талабнинг ортиб бориши билан мувофиқлаштиришни мураккаблаштирмоқда.
Бу айниқса, саноат кооперациясининг чуқурлашуви, транспорт йўлаклари, энергетика инфратузилмаси ва рақамли иқтисодиётнинг ривожланиши шароитида муҳим аҳамиятга эга. Йирик трансчегаравий лойиҳаларнинг амалга оширилиши муҳандислар, технологлар, логистика, энергетика, ахборот технологиялари ҳамда замонавий ишлаб чиқаришни бошқариш бўйича мутахассисларга талабнинг ортиши билан кечади.
Шу муносабат билан, Атласдан амалий фойдаланишнинг истиқболли йўналишларидан бири “лойиҳа эҳтиёжларига мос кадрлар тайёрлаш” тамойилини жорий этиш бўлиши мумкин. Мазкур тамойил қўшма корхоналар ва инфратузилма объектларининг бевосита эҳтиёжларидан келиб чиқиб мутахассислар тайёрлашни назарда тутади. Бундай ёндашув йирик лойиҳаларни режалаштириш босқичидаёқ зарур касбий малакалар, мутахассислар сони ва уларни тайёрлаш муддатларини белгилаш имконини беради.
Бунда таклиф этилаётган механизмнинг айнан минтақавий хусусияти алоҳида аҳамиятга эга. Марказий Осиё давлатлари бир-бирини тўлдирувчи иқтисодий имкониятлар ва тармоқ ихтисослашувига эга. Миллий прогнозларни бирлаштириш нафақат кадрларга бўлган умумий эҳтиёжларни аниқлаш, балки қўшма таълим дастурларини ривожлантириш, академик мобилликни кенгайтириш ҳамда бир нечта давлат иштирокидаги лойиҳалар учун мутахассислар тайёрлаш имконини ҳам яратади.
Бундан ташқари, мазкур модель Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган “олти иқтисодиёт – бир маҳсулот” саноат кооперацияси концепциясига бевосита мос келади. Минтақавий ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш ўзаро уйғун касбий стандартлар ҳамда ягона технологик тизим доирасида ишлашга қодир малакали кадрлар мавжудлигини тақозо этади.
Шу билан бирга, дастлаб минтақавий саноат кооперациясининг икки-учта устувор йўналиши бўйича Атласнинг пилот вариантини ишлаб чиқиш, бунда касбларнинг миллий классификаторларини халқаро стандартлар билан қиёслашни назарда тутиш мақсадга мувофиқ. Бундай ёндашув Марказий Осиё мамлакатларининг кадрларга бўлган эҳтиёжларини прогноз қилиш учун умумий методологик асосни босқичма-босқич шакллантириш имконини беради.
Истиқболда Минтақавий атлас иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилувчи ягона касбий имкониятлар маконини шакллантириш йўлидаги муҳим қадам бўлиши мумкин. Шу тариқа, инсон капиталини ривожлантириш нафақат иқтисодий ўсиш омилига, балки Марказий Осиё давлатларининг узоқ муддатли яқинлашуви, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашнинг қўшимча асосига айланади.
Ў.Алимов, ЎзА