Инсон - азиз, хотира - муқаддас
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 20 апрелдаги "Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар бўлиб ўтмоқда.
Республика Маънавият ва маърифат маркази ва унинг жойлардаги бўлинмалари томонидан ҳам қутлуғ санага бағишлаб кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Бу жиҳатлар марказнинг Навоий вилояти бўлинмаси фаолиятида ҳам ўзининг яққол ифодасини топмоқда.
Ғалабанинг 76 йиллиги олдидан вилоят маънавият ва маърифат бўлими, Нурота тумани маънавият ва маърифат бўлинмаси томонидан "Сиз ҳамиша эъзоздасиз" шиори остида кўплаб лойиҳалар ўтказилмоқда. Бўлим мутахассислари Ғозғон шаҳрида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Турсунқул бобо Эргашев хонадонида бўлиб, у киши ҳолидан хабар олди. Вилоят маданият бошқармасидан ташриф буюрган санъаткорлар томонидан кўнгилни хушнуд этувчи дилрабо куйлар ижро этилди. Шаҳарнинг 1-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари томонидан эса отахоннинг уй юмушларига кўмаклашилди.
Қутлуғ сана муносабати билан Кармана тумани Дўрмон маҳалласида истиқомат қилиб келаётган Пирназар бобо Турдиев хонадонида туман маънавият ва маърифат бўлими раҳбари Б.Савуров, туман Ёшлар иттифоқи раиси О.Нормуҳаммедов бошчилигида бир гуруҳ ўқувчи-ёшлар меҳмон бўлди. Гарчи урушнинг ғоят уқубатли хотираларини отахон кўп ҳам сўзлашни истамаса-да, тарихнинг ўша қора кунлари ҳар биримизни тинч ва осойишта ҳаётнинг қадрига етишга ундаши билан ҳам қадрлидир.
Иккинчи жаҳон урушида мардларча қаҳрамонлик кўрсатган фахрийларимизнинг юртимиз тинчлиги учун чеккан заҳмати, ҳаёт қийинчиликларини сабот билан енгиши биз учун ҳақиқий жасорат ва фидойилик тимсолидир.
Н.Усмонова, ЎзА