Инфантинонинг келажаги хавф остида
FIFA Президенти Жанни Инфантино Жаҳон чемпионати ва бошқа турнирлар учун тижорат ҳуқуқининг 20 фоизини хусусий сармоядорларга сотиш ташаббуси барбод бўлганидан кейин кучли босим остида қолди.
FIFA Президенти атрофидаги инқироз Жаҳон чемпионатига тижорат ҳуқуқини хусусий сармоя фирмасига ўтказиш ташаббуси муваффақиятсизликка учрагандан кейин авж олди. Бу ғоя миллий футбол ассоциацияларининг кучли қаршилигига сабаб бўлди. Шундан сўнг лойиҳа тўхтатилди.
“New York Post” таъкидлаганидек, июль ойи охирида UEFA – “The Union of European Football Associations” Инфантинога ишончсизлик овозини бир овоздан қўллаб-қувватлади ва агар ташкилот раҳбарияти ўзгармаса, 2030 йилги Жаҳон чемпионати каби FIFA турнирларини инкор қилиш билан таҳдид қилди. Натижада ташкилот ушбу ғоядан воз кечишга мажбур бўлди.
“Reuters” агентлиги маълумотига кўра, ушбу муваффақиятсизлик 2027 йил қайта сайланиш учун шубҳасиз номзод ҳисобланган Инфантинонинг мавқеини жиддий тарзда заифлаштирди.
Жанжалдан сўнг FIFA катта маслаҳатчиси Карлос Кордейро истеъфога чиқди, амалиётлар бош директори Кевин Ламур эса ташаббусни танқид қилиб, “бир кишининг лойиҳаси” деб атади.
Шу ерда ҳам Трамп оиласи...
FIFA “Thrive Capital” инвестиция фирмаси билан музокара олиб бораётгани ҳақида хабарлар ҳам жамоатчилик ва тегишли расмий доираларда қўшимча саволлар туғдирмоқда. Яъни, ушбу фирма Трамп оиласи билан боғлиқлиги тахмини илгари суриляпти. Таҳлилчилар таъкидлашича, Инфантино анча вақтдан бери илк бор бўлажак FIFA президентлиги сайловида жиддий рақобатга дуч келиши мумкин.
Инфантино нима қилиши керак?
Сўнгги хабарларга кўра, Инфантино Трамп маъмуриятидан лавозимини сақлаб қолиш учун ёрдам сўраган.

У истеъфога чиқишга чақириқ кучайиб бораётган бир пайт сиёсий қўллаб-қувватлов сўраб, Трамп маъмуриятига мурожаат қилди, деб ёзди “New York Post”.
Нашр ёзишича, Инфантино Давлат котиби Рубио билан телефон орқали гаплашиб кўришга уриняпти. Ҳатто, аввалроқ Трампнинг ўзи билан ҳам боғланишга ҳаракат қилган эди.
Манбалар таъкидлашича, расмий муҳокама мавзуси футболдаги инқирозни бартараф этишда АҚШнинг “юмшоқ кучи” воситасидан фойдаланиш, асл мақсад эса Инфантинони FIFA президенти сифатида сақлаб қолиш.
С.Раҳимов, ЎзА