Имтиёзлар изланишга ундайди
Навоий шаҳридаги “Шоҳрасул Шавкат” хусусий корхонасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар юқори сифати ва замонавий дизайни билан харидорларга манзур бўлмоқда.
Навоий шаҳридаги “Шоҳрасул Шавкат” хусусий корхонасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар юқори сифати ва замонавий дизайни билан харидорларга манзур бўлмоқда.Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор қишлоқ ҳудудларида замонавий корхоналар ташкил этиш, янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этаётир. Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
– Биз, тадбиркорлар учун яратилаётган шароитлардан мамнунмиз, – дейди корхона раҳбари Дилора Бердиева. – Имтиёз ва имкониятлардан фойдаланиб, корхонамиз фаолиятини янада кенгайтириш, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехини ташкил этиб, 30 нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлашни режалаштирганмиз.
Бундан уч йил аввал иш бошлаган корхонада Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг вилоят филиалидан олинган қарийб 60 миллион сўм кредит эвазига замонавий тикув машиналари келтириб ўрнатилди. 16 нафар хотин-қиз тайёрлаётган махсус ишчи кийимлар, ётоқхона буюмлари қисқа фурсатда ўз харидорларини топди.
Корхона ишчиларининг аксарияти ёшлар экани иш самарадорлигини оширмоқда.
– Ўтган йили Кармана саноат касб-ҳунар коллежини битирдим, – дейди Мадина Нуралиева. – Биз тайёрлаётган миллий ва замонавий услубдаги кийим ва бошқа буюмлар харидорларга манзур бўлаётганидан мамнунмиз.