Иммун тизими душманга айланганда: оддий белгилар ортидаги хавф (+видео)
Организм ичида кўзга кўринмас жанг кечмоқда. Чарчоқ, оғриқ ёки тошмалар – бу шунчаки кичик муаммоми ёки иммун тизимининг ўз танасига қарши исёни? Баъзан ҳимоячимиз энг катта душманга айланади. Статистика бўйича дунё аҳолисининг 400 миллионга яқин қисмида аутоиммун касаллиги учрайди...
Инсон организмида биз кўрмайдиган, аммо ҳар сония ишлайдиган мураккаб ҳимоя тизими мавжуд. Унинг вазифаси — организмга кирган вирус, бактерия ва бошқа бегона омилларни аниқлаш ва уларга қарши курашиш.
Аммо баъзан шу тизимнинг “нишони” ўзгариб қолади. Ҳимоя қилиши керак бўлган иммун тизими организмнинг ўз тўқималарини бегона деб қабул қила бошлайди. Ва шундан кейин тананинг ичида кўзга кўринмайдиган кураш бошланади.
Бу ҳолат аутоиммун жараён деб аталади.
Энг мураккаб томони эса шундаки, унинг дастлабки белгилари кўпинча оддий ҳаётдаги муаммоларга ўхшаб кетади. “Чарчаб қолдим”, “бўғимларим об-ҳаводан оғрияпти”, “теримда аллергия чиқди”, “сочим кўпроқ тўкиляпти” — бундай белгиларни кўпчилик жиддий қабул қилмайди.
Аммо айрим ҳолларда организм шу белгилар орқали бизга анча жиддий жараён ҳақида сигнал бераётган бўлиши мумкин.
Аутоиммун касалликларнинг ўзига хос жиҳати — улар фақат битта аъзони эмас, организмнинг турли тизимларини зарарлаши мумкин.
Бўғимлар, тери, қалқонсимон без, ичаклар, асаб тизими, буйраклар ёки бошқа аъзолар — қайси жой нишонга айланишига қараб касалликнинг кўриниши ҳам ўзгаради.
Шу сабабли баъзи беморлар узоқ вақт давомида ўзидаги белгиларни бир-бири билан боғламаслиги мумкин.
Чунки иммун тизимидаги ўзгаришлар қанча вақт назоратсиз қолса, организмнинг зарарланган қисмларида қайтмас ўзгаришлар юзага келиш хавфи ҳам ортиши мумкин.
Хўш, иммун тизими нега ўз организмига қарши чиқади?
Қайси белгиларни одам оддий чарчоқ ёки вақтинчалик муаммо деб қабул қилмаслиги керак?
Хўш, аутоиммун касалликлар қанчалик хавфли?
Уларни бутунлай даволаш мумкинми?
Ва энг муҳими — бундай ташхис қўйилган инсон қандай қилиб тўлақонли ҳаёт кечириши мумкин?
Бугун айнан шу саволларга мутахассис билан биргаликда жавоб излаймиз.
“Саломат бўлинг” дастурида батафсил
Моҳичеҳра Эшмирзаева, Дониёр Якубов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА