Имконият, шароит ва талаб: Наманганда қўйчилик ривожланмоқда
Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан бир маромда таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Шу боисдан ҳам чорвачилик тармоғини жадал ривожлантириш, замонавий ва инновацион услубларни жорий этиш ҳамда мазкур тармоққа ихтисослашган корхоналарни ҳар жиҳатдан рағбатлантириш долзарб масала ҳисобланади.
Президентимизнинг 23 июнь куни Наманган вилоятига ташрифи чоғида Тўрақўрғон туманидаги “Наманган қўйчилик кластери” фаолияти билан танишиб, ушбу корхона тажрибаси чорвачилик тармоғини ривожлантириш, ички бозорни сифатли гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш ва аҳоли бандлигини оширишда фойдали эканлигини таъкидлаб, уни оммалаштиришга топшириқ берди.
Мазкур лойиҳа Президентимизнинг 2020 йил 29 январдаги “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган кенг имкониятлар туфайли амалга ошди. Қолаверса, мажмуа негизида замонавий логистика хизматлари, ветеринария ва сервис шохобчалари ҳамда маҳсулотларни тўғридан-тўғри сотишга мўлжалланган савдо нуқталари барпо этилади. Бунинг самараси ўлароқ яхлит ва узлуксиз кластер занжири яратилади.

Юртимизда чорвачиликка берилаётган кенг имкониятлар ва имтиёзлардан фойдаланган ҳолда 2026 йилда Тўрақўрғон тумани Кумидон қишлоғи ҳудудидаги 10 гектарли майдонда чорвадор тадбиркор Аъзамжон Усмонов таъсисчилигида “Наманган қўйчилик кластери” масъулияти чекланган жамиятга асос солинди. Умумий қиймати 35 миллион доллар бўлган кластерда элимиз дастурхони учун арзон ва сифатли гўшт маҳсулотларини етказиб беришдек хайрли ниятни амалга ошириш йўлида астойдил ишга киришилди.
Уч босқичдан иборат йирик лойиҳа аввалида, беш гектар ерда қурилиш-жиҳозлаш ишлари амалга оширилди, тез орада яна шунча майдондаги режалар рўёбга чиқади. Кластерда бугунги кунда юздан зиёд ишчилар 1 минг 500 бош жониворни замон талаблари асосида парваришланмоқда. Келгусида юқори маҳсулдорликка эга бўлган, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғиз Республикасидан келтирилган “Арашан”, “Ҳисор” ва “Адельбай” зотларини маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш режалаштирилган. Йил ниҳоясигача иш ўринлари 280 тага ва чорва 50 минг бошга етказилади.

Тадбиркорнинг қайд этишича, ташриф давомидаги мулоқотда Президентимиз томонидан кластерни холдинг компаниясига айлантириш топшириғи берилди. Яъни, 2027 йил охирига қадар чорвани 300 минг бошга кўпайтириш вазифаси белгиланди. Кластерда жорий этилаётган замонавий парвариш технологиялари ва илмий ёндашув орқали гўшт етиштириш ҳажми ҳамда сифатини сезиларли даражада ошириш имконияти мавжуд.
Лойиҳанинг технологик кўрсаткичларига кўра, хориждан олиб келинган 40-50 килограмм вазндаги қўйларни уч ой давомида интенсив усулда боқиш орқали уларнинг вазнини 100 килограммгача етказиш мумкин. Бу ҳар бир бош қўйдан 60-70 килограммгача соф гўшт олиш демак.

Натижада анъанавий чорвачиликка нисбатан маҳсулдорлик 45-50 фоизга ошади ва лойиҳа тўлиқ қувват билан ишга тушганидан кейин Наманган вилоятида йилига 35-40 минг тонна сифатли гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши таъминланади.
– Бугунги кунда бир килограмм мол гўштининг нархи 130 минг сўм, қўй гўшти эса, 160 минг сўмни ташкил қилмоқда. Ана шу нарх-наволарни 20 фоизга арзонлаштириш мақсадимиз бор. Бунинг учун вилоятимизда 40 қанори гўшт дўкони очилди, – дейди “Наманган қўйчилик кластери” МЧЖ раҳбари Аъзамжон Усмонов. – Кейинчалик юртимиз бозорларига ҳам гўшт етказиб берилади. Қолаверса, келгуси йилдан бошлаб, илғор саноатни жалб этган ҳолда, турли қўшимчалар билан бойитилган табиий ўғит йилига 50 минг тонна ҳамда озуқа-ем эса, 200 минг тонна ишлаб чиқарилади.
Дарвоқе, кластер мажмуаси негизида замонавий логистика хизматлари, ветеринария ва сервис шохобчалари ҳамда маҳсулотларни тўғридан-тўғри сотишга мўлжалланган савдо нуқталари барпо этилади. Натижада яхлит ва узлуксиз кластер занжири яратилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.