Илғор педагоглар маҳорати синовдан ўтди
Гулистон шаҳридаги Ёшлар марказида мактабгача таълим тизими ходимлари ўртасида “Йилнинг энг яхши тарбиячиси – 2026” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи юқори савияда ташкил этилди.
Мазкур танлов соҳада фаолият юритаётган ташаббускор, изланувчан ва замонавий ёндашувга эга педагогларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш ҳамда касбий маҳоратини баҳолашга қаратилди.
Танлов жараёнида иштирокчилар тест синовлари, лойиҳа тақдимотлари, очиқ машғулотлар ва касбий-педагогик салоҳият йўналишлари бўйича ўз билим ва кўникмаларини намоён этдилар. Айниқса, болалар билан ишлашда инновацион ёндашув, таълим жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш ва интерактив усуллардан самарали фойдаланиш ҳакамлар ҳайъати томонидан алоҳида эътироф этилди.
Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар якунига кўра, бир қатор номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди. “Энг яхши директор ўринбосари” номинациясида Сирдарё тумани 16-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти директорининг ўринбосари Мафтуна Эменова ғолиб деб топилди.
“Энг яхши ўйин орқали таълим берувчи тарбиячи” номинациясида Сирдарё тумани 8-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Муниса Ҳосилова, “Энг яхши ижодкор-ихтирочи тарбиячи” номинациясида эса Мирзаобод туманидаги 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Саҳобат Алламуродова биринчи ўринни эгаллади.
Шунингдек, Оқолтин тумани 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Муштарий Асқарова “Энг яхши эко-тарғиботчи тарбиячи”, Боёвут тумани 23-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Наргиза Бобоназарова “Рақамли ва инновацион ёндашувларни амалиётга жорий этувчи тарбиячи” номинацияларида ғолибликни қўлга киритди.
[gallery-29400]
“Маънавий қадриятлар тарбиячиси” номинациясида Боёвут туманидаги 30-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Азиза Савранова энг юқори баҳога лойиқ кўрилди.
Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари ўртасида ўтказилган беллашувларда эса Боёвут туманидаги оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Гулором Эгамқулова “Ўйин орқали болаларни ривожлантирувчи ижодкор тарбиячи”, Мирзаобод туманидаги оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Гулмира Қаршибоева эса “Энг намунали тарбиячи” номинациялари бўйича ғолиб бўлишди.
Тадбир сўнггида ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА