III “Лазги” халқаро рақс фестивали якунига етди
Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида III “Лазги” халқаро рақс фестивали муваффақиятли якунланди.
Лазги – қадимий ва бетакрор рақс санъати бўлиб, у инсоннинг руҳий ҳолати, ички кечинмалари ва ҳаётий жараёнларини ифода этади. Унинг мусиқаси секин бошланиб, босқичма-босқич тезлашиб боради. Бу эса инсон ҳаётининг туғилишдан камолотгача бўлган йўлини бадиий талқин этади.

Таъкидлаш жоизки, 2019 йилда “Хоразмча лазги” инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида ЮНЕСКО рўйхатига киритилган.

2022 йилдан буён ҳар икки йилда бир марта ўтказиб келинаётган мазкур фестиваль жорий йилда учинчи бор ташкил этилди. Фестиваль ЮНЕСКО ва ТУРКСОЙ шафелигида ўтказилди.

Жорий йилги фестивалда дунёнинг 30 дан ортиқ давлатларидан 300 нафардан зиёд раққос ва раққосалар, профессионал жамоалар, санъатшунослар, мусиқашунос олимлар ҳамда таниқли ижодкорлар иштирок этди.
Фестивалнинг ёпилиш маросими Хиванинг қадимий Ичан қалъа мажмуасидаги “Полвон” дарвозаси майдонида бўлиб ўтди.

Саҳналаштирилган бадиий дастурда турли халқларнинг миллий рақслари намойиш этилди. Томошабинлар маданият ва анъаналар уйғунлигини ҳис этиб, санъатнинг бирлаштирувчи кучига яна бир бор гувоҳ бўлди.
Фестиваль халқлар ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳурмат ва маданий яқинликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Дастур якунида халқаро рақс танлови ғолиблари эълон қилинди. Икки кун давом этган танловда 13 давлатдан 25 та жамоа иштирок этди. Ижрочилар маҳоратини 7 нафардан иборат халқаро ҳакамлар ҳайъати баҳолади.
Фестиваль доирасида ТУРКСОЙ махсус статуэткаси ва 1 000 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот Қозоғистон вакили Мурат Қаракўзга топширилди.
Учинчи ўрин:
– “Энг яхши яккахон рақс ижрочиси” – Шоҳжахон Бердибеков (Ўзбекистон)
– “Энг яхши рақс жамоаси” – “Крижачок” (Беларусь)
– “Энг яхши саҳналаштирилган рақс” – “Бухоро мавжлари” (Ўзбекистон)
Ғолибларга диплом, статуэтка ва 2 000 АҚШ доллари миқдорида мукофот тақдим этилди.
Иккинчи ўрин:
– Ёқутхон Хасанова (Ўзбекистон) ва Амина Алиева (Озарбайжон)
– “Сема” ансамбли (Озарбайжон)
– “Салтанат” ансамбли (Қозоғистон)
Уларга 3 000 АҚШ доллари миқдорида мукофот топширилди.
Биринчи ўрин:
– Карина Калпакова (Россия, Бошқирдистон) ва Нодира Сеиджанова (Ўзбекистон)
– Омск давлат рус халқ ансамбли (Россия)
– Пекин рақс академияси ансамбли (Хитой)
Ғолиблар 5 000 АҚШ доллари миқдорида мукофот билан тақдирланди.
Фестивалнинг бош мукофоти – “Гран-при” мамлакатимиз вакили Моҳира Жовлиевага насиб этди. Унга 7 000 АҚШ доллари, диплом ва статуэтка тантанали равишда топширилди.
– Халқаро танловда “Сурнай лазгиси”ни ижро этдим. Лазги инсонни бутунлай қамраб олади, – дейди Моҳира Жовлиева. – Бу фестиваль нафақат маҳоратимизни оширди, балки турли миллат вакиллари ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлади.
Шунингдек, фестиваль доирасида бир қатор қўшимча номинациялар бўйича ҳам фаол иштирокчилар тақдирланди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари