III “Лазги” халқаро рақс фестивали очилиш маросими бўлиб ўтди
Хива шаҳрининг “Ичан қалъа” мажмуасида III “Лазги” халқаро рақс фестивалининг очилиш маросимига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фестиваль иштирокчиларига табригини Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўқиб эшиттирди.
“Уч минг йилдан зиёд шонли тарих ва маданиятга эга бўлган халқимиз қалбини, унинг нафис туйғуларини ҳайратланарли даражада нозик ҳаракатлар орқали ифода этадиган ноёб санъат дурдонаси – “Лазги” номи билан аталадиган халқаро рақс фестивали турли элу элатлар ўртасида самарали маданий мулоқот майдонига айланиб бораётгани барчамизни албатта хурсанд қилади.
“Лазги” эзгулик ва гўзаллик, тинчлик ва дўстлик ғояларини асрлар давомида тараннум этиб келаётган, Хиванинг муаззам миноралари каби юксаклик ва улуғворлик тимсоли бўлган мумтоз мусиқий обидадир.” – дейилади Президент табригида.
[gallery-29028]
Хоразм вилоятида ўтказилаётган мазкур фестивалга катта тайёргарлик кўрилди. Халқаро фестивалга нафақат юртимиз балки халқаро даражадаги тажрибали режиссёрлар, бастакорлар, санъаткорлар, таниқли раққосалар, ижодкорлар, олимлар, малакали мутахассислар жалб этилган.
Халқаро фестивалнинг очилиш маросимидаги бадиий қисмида турли миллат ва халқларнинг ўзига хос куй ва қўшиқлари янгради. Жозибадор рақслари ижро қилинди.
Концерт дастури давомида таниқли хонанда ва раққослар томонидан ижро этилган “Лазги”га ҳамоҳанг шўх қўшиқлар йиғилганларнинг барчасини рақсга чорлади.
Мухтасар айтганда, фестивалнинг очилиш маросими чин маънодаги мусиқа ва санъат байрамига айланди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари