III Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали
Кўҳна ва боқий Бухоро яна бир бор миллий ҳунармандчилик ва нафосат маркази сифатида дунё эътиборини ўзига қаратди. “Арк” қўрғони майдонида бўлиб ўтган “III Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали”нинг тантанали ёпилиш маросими миллий қадриятлар, бой маданий мерос ва замонавий ижод уйғунлигининг ёрқин намойишига айланди.
Фестивалнинг якуний тадбирида юртимизнинг таниқли заргар ва зардўзлари, хорижий мамлакатлардан ташриф буюрган ҳунармандлар, дизайнерлар, олимлар, соҳа экспертлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда ижтимоий тармоқларда инфофаоллар иштирок этди. Бу эса мазкур нуфузли анжуманнинг халқаро майдондаги аҳамияти тобора ортиб бораётганини яна бир бор тасдиқлади.
Тадбирда сўзга чиққан Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов фестивал давомида Бухорои шариф ҳақиқий ҳунармандчилик пойтахтига айланганини алоҳида таъкидлади. Унинг қайд этишича, фестивал халқ амалий санъатини ривожлантириш, миллий ҳунармандчилик мактабларини асраб-авайлаш, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ноёб анъаналарни қайта тиклаш ва кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Уч кун давом этган фестивал доирасида ўтказилган кўргазмалар, маҳорат дарслари, театрлаштирилган чиқишлар, миллий либослар намойиши, ҳужжатли фильмлар тақдимоти ва концерт дастурлари меҳмонларга унутилмас таассуротлар улашди. Айниқса, таниқли усталарнинг амалий ишлари халқимиз ҳунармандчилигининг нақадар юксак санъат даражасига чиққанини яна бир бор намоён этди.
[gallery-29467]
Фестивал доирасида ўтказилган “Анъанавий зардўзлик ва заргарлик санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция соҳанинг келгуси тараққиёти учун муҳим илмий ва амалий таклифларга бой бўлди. Шунингдек, “Бухоро занданачиси: тарихи, типологияси ва қайта тиклаш масалалари” мавзусидаги халқаро симпозиумда қадимий тўқимачилик анъаналарининг тарихи ва уни асраб қолиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, фестивалда жаҳоннинг 50 га яқин мамлакатидан ҳамда юртимизнинг турли ҳудудларидан 600 нафардан ортиқ ҳунарманд, олим, фахрий меҳмон ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Бу эса Бухоронинг азалий савдо-сотиқ, илм-фан ва ҳунармандчилик маркази сифатидаги нуфузи янада мустаҳкамланаётганидан далолатдир.
Тадбирда мамлакатимизда миллий ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган юксак эътибор ҳам алоҳида эътироф этилди. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар миллий амалий санъат ривожига кенг йўл очиб бермоқда. Давлат раҳбарининг 2021 йил 29 апрелдаги қарори асосида ушбу фестивалнинг ҳар икки йилда бир маротаба ўтказилиши эса ҳунармандлар учун катта рағбат ва илҳом манбаи бўлмоқда.
Маросим давомида фестивал доирасида ташкил этилган кўрик-танловлар ғолиблари турли номинациялар бўйича тақдирланди. “Энг яхши заргар”, “Энг яхши зардўз”, “Қадимий анъаналарни қайта тиклаган усто”, “Энг ёш маҳоратли ҳунарманд” каби йўналишларда муносиб иштирокчиларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Тантанали ёпилиш маросими театрлаштирилган тарихий композициялар, халқ жамоалари ва санъаткорлар иштирокидаги гўзал концерт дастури билан янада файзли тус олди. Миллий куй-қўшиқлар, қадимий анъаналар ва замонавий саҳна ечимлари уйғунлашган кеча барча иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди.
Бир сўз билан айтганда, “III Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали” нафақат миллий ҳунармандчиликни тарғиб этувчи йирик маданий анжуман, балки халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамловчи муҳим халқаро майдон сифатида ҳам юксак аҳамият касб этди. Бухоро эса яна бир бор ўзининг бой тарихи, бебаҳо маданий мероси ва бетакрор ҳунармандчилик анъаналари билан дунё аҳлини ҳайратга солди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари