ИИБ фахрийлари ва ёш ходимлар биргаликда саёҳатга чиқди
Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси фахрийлари ва ёш ходимлари учун “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” лойиҳаси доирасида мамлакатимиз пойтахти ҳамда Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилди.
“Пайшанба – “Ёшлар куни” муносабати билан ташкил этилган саёҳатда фахрийлар ва ёш осойишталик посбонлари дастлаб Тошкент шаҳрида бўлиб, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишди. Ислом маданияти, илм-фан ва бой маънавий меросимиз акс этган ноёб экспонатларни томоша қилди. Марказнинг қурилиш тарихи ва аҳамияти ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлди. Пойтахтдаги “Ғалаба боғи”да Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалаба, халқимизнинг жасорати ва матонатини ёдга олди. “Шон-шараф” музейи, “Абадий олов” майдони, тематик композициялар ва ҳарбий техникалар намуналарини кўздан кечирди.




Фахрийлар ва ёш ходимларнинг Самарқанд шаҳридаги саёҳати ҳам барчага унутилмас лаҳзалар улашди. Қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳарда ислом оламининг улуғ алломаси Имом ал-Бухорий мажмуаси, Хўжа Хизр зиёратгоҳи ва мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Қадимий кентда юз бераётган улкан янгиланишлар билан яқиндан танишиб, бой таассуротлар билан қайтди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири