Ибн Сино мероси ва замонавий фармацевтика
Ибн Сино жамоат фонди бошқаруви раиси Нозимхон Маҳмудов ҳамда мамлакатимизнинг етакчи фармацевтика тармоқларидан бири — «City Pharm» компанияси раҳбарияти ўртасида истиқболли ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда асосий эътибор буюк қомусий олим Абу Али ибн Синонинг тиббий меросини замонавий фармацевтика ютуқлари билан уйғунлаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва тиббий маданиятни юксалтириш масалаларига қаратилди. Мулоқот якунида томонлар илмий ва ижтимоий йўналишлардаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олди.
Шарқ уйғониш даврининг буюк сиймоси Ибн Сино ўзининг «Тиб қонунлари» асари билан нафақат ўз даври, балки асрлар давомида жаҳон тиббиёти ва фармакологияси ривожига пойдевор қўйган. Таъкидлаш жоизки, аллома ўз тадқиқотларида касалликларни даволашдан кўра, уларнинг олдини олишга, инсон организмининг ички кучини табиий воситалар билан тиклашга алоҳида урғу берган. Ҳозирги кунда бутун дунёда кимёвий дори воситаларидан кўра, табиий ва фито-маҳсулотларга бўлган талаб ортиб бораётган бир пайтда, Ибн Сино табобатининг аҳамияти янада яққол намоён бўлмоқда.
Учрашувда айнан мана шу йўналишдаги энг муҳим тадбирлардан бири — яқин кунларда бўлиб ўтадиган «Абу Али ибн Сино ва замонавий фармацевтикада инновациялар» мавзусидаги IX Халқаро илмий-амалий конференция муҳокама марказида бўлди. Анжуманда «City Pharm» компаниясининг етакчи мутахассислари ва олимлари фаол иштирок этиши кутилмоқда. Бу эса тарихий тиббий билимларни замонавий инновацион технологиялар ёрдамида ишлаб чиқаришга татбиқ этиш учун қулай майдон яратади.
Дорихоналарда «Ибн Сино бурчаклари» ва ижтимоий лойиҳалар музокаралар давомида икки томонлама муносабатларни расмийлаштириш мақсадида яқин фурсатларда ҳамкорлик меморандумини имзолашга келишилди. Ҳужжат доирасида аҳоли саломатлигига бевосита дахлдор бўлган қатор амалий ислоҳотлар кўзда тутилган.
– Жумладан, «City Pharm» дорихоналар тармоғида ушбу ном остида махсус соғломлаштириш бурчаклари ташкил этилади. Бу ерда харидорлар аллома тавсия этган гиёҳлар ва табиий маҳсулотлар билан танишишлари мумкин бўлади, – дейди Н.Маҳмудов. – Табиий дори воситаларининг инсон организми учун фойдаси, касалликларнинг олдини олишдаги самарадорлиги ҳақида доимий равишда тиббий-маърифий тадбирлар ўтказиб борилади. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва тиббий маданиятни оширишга қаратилган қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилади. Инсон саломатлигини муҳофаза қилишда табиий ва сертификатланган маҳсулотларнинг устуворлиги, уларнинг ҳамёнбоплиги ҳамда самарадорлигини тарғиб қилиш режаси йўлга қўйилади.
Ушбу ҳамкорлик тарихий қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда уларни бугунги кун эҳтиёжларига мослаштириш йўлидаги муҳим қадамдир. Мазкур ташаббус юртимизда фармацевтика соҳасини маҳаллий хомашё ва бой миллий тажриба асосида ривожлантиришга, энг муҳими, халқимизга сифатли, табиий ва арзон шифо воситаларини етказиб бериш орқали миллат генофондини соғломлаштиришга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА