Ҳуқуқий кўмак акцияси ўтказилмоқда
Наманганда вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан Президентимизнинг 2024 йил 24 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Тўрақўрғон агротехнологиялар техникумида “Хотин-қизларга ҳуқуқий кўмак” акцияси ўтказилди.
Тадбирда вилоят адлия бошқармаси ҳамда унинг туман бўлими, туман ички ишлар, тиббиёт бирлашмаси, нотариус, адвокат, нодавлат нотижорат ташкилотлари, бандликка кўмаклашиш маркази вакиллари қатнашди.

Даставвал, мазкур акциянинг мақсад-вазифалари, хотин-қизлар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Шундан сўнг, хотин-қизлар учун “Сайёр қабул” ташкил этилди.

Қабул давомида тўрақўрғонлик хотин-қизларни қийнаб келаётган масалларнинг 20 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган бўлса, бешта муаммо жойида ечим топди. Ўрганиш ва муддат талаб этилган учта мурожаат туман адлия бўлимининг иш юритувига олинди.

Шунингдек, туман Давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан 10 нафар фуқарога “Сайёр хизмат” кўрсатилди. Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг “2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан тегишли тушунтириш ишлари олиб борилди.

Республика Адлия вазирлиги томонидан эълон қилинган “Хотин-қизларга ҳуқуқий кўмак” акцияси жорий йилнинг 31 мартига қадар давом этади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА