Ҳунарманд опанинг хайрли ташаббуси
Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида Президентимизнинг фармонига кўра «Жасорат» медали билан тақдирланган Фарғона вилояти Бағдод туманидан ҳунарманд Қудратхон Тешабоева хайрли ишга қўл урди.
У маҳаллалардаги ишсиз хотин-қизлар ва мактаб ўқувчиларига миллий ҳунармандчилик сир-асрорларини ўргатмоқда. Хонадонида ташкил этилган маҳорат дарси барча иштирокчилар учун завқли кечди.
–Ҳаёт синовларини бир қўли билан енгиб келаётган, асл матонат ва сабр эгаси бўлган Қудратхон опа туманимиз аёллари учун ҳақиқий ўрнак, – дейди туман ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Дилфузахон Каримова. – Биз бу ҳунармандни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Ишсиз аёллар бандлигини таъминлаш, уларни ҳунармандчиликнинг турли йўналишларига кенг жалб этиш орқали жамиятда ва оилада хотин-қизларнинг ижтимоий мавқеини янада оширишга қаратилган бу каби амалий тадбирлар туманнинг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил этилади.
Қудратхон опа 15 йилдан буён сопол идишларга гул чизиш билан шуғулланади. Ўзининг айтишича, мана шу ҳунари билан 5 нафар фарзандни вояга етказди. Келинлар ҳам хонадон бекасидан ҳунар ўрганиб, рўзғор тебратмоқда.
– Оддий қишлоқ аёлига кўрсатилган эътибордан жудаям бахтиёрман, – дейди Қудратхон опа. – Шу ҳунарим мени элга танитди, камимни бутлади. Ўғилларимни ўқитиб, бирин-кетин элга қўшяпман. Ҳунардан ризқинг унар, деганлари бекормас, мен сизга айтсам. Олма пиш оғзимга туш, дейдиган замон ҳам эмас ҳозир. Ишлаш керак, интилиш керак. Бир қўлим билан сигир соғаман, кўрпа-ёстиқ қавийман, гул чизаман, ишқилиб, бировга юкиниб қолганим йўқ. Келинларимни ҳам шунга ўргатаман доим.
Бағдод тумани ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Назирахон Маматқуловага сўзларига кўра, маҳорат дарсидан кейин 12 нафар маҳалла аёли ва 5 нафар мактаб ўқувчиси Қудратхон опага шогирд тушиш истагини билдирган.


М. Сулаймонов, ЎзА