Ҳукумат қарори ижроси ўрганилди
Фарғона вилояти Тошлоқ туманида бугунги кунда 202 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган бўлиб, уларнинг турмуш шароитини яхшилашга қаратилган изчил тадбирлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 21 сентябрда қабул қилинган «2020-2022 йилларда Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бунда муҳим дастуриламал бўлаётир.
Аҳолида тадбиркорлик иштиёқи бўлса, ҳеч қачон бировнинг қўлига қараб қолмайди. Кейинги йилларда бу ерда тадбиркорлар сафининг кенгайиб бораётгани фаровонликка хизмат қилаяпти. Заркент, Яккатут, Арабмозор, Қумариқ каби қишлоқларда ишнинг кўзини биладиган инсонлар кўплаб топилади. Айниқса, томорқачиликда ўзига хос мактаб бор. Айни кунларда ана шу имкониятлар фаол ишга солиниб, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. 1 минг 887 та лойиҳаларни амалга оширишга 896,8 миллиард сўм маблағ сарф этиш кўзда тутилган.
– Қисқа вақт ичида 16 та инвестиция лойиҳаларини ишга туширишга эришдик, – дейди туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Камолиддин Умаров. –“Зар эко пласт”, “Sunshine textile”, “Zara invest plast”, “Oil magnat” каби корхоналар дастлабки маҳсулотларни харидорларга етказиб берди. “Agro impex valley” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонаси томонидан 2 миллион 200 минг долларлик лойиҳа эвазига қувур профиллари ҳамда автомобиллар учун юқори кучланишли ўт олдириш ўтказгичлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Албатта, бу битта йўналишдаги ишлар холос. 2020-2022 йилларда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари дастурида барча йўналишлар қамраб олинган.
Тумандаги таъмирга муҳтож автомобил ҳамда ички йўллар, ичимлик суви, электр, табиий газ ва алоқа-коммуникация тармоқларини реконструкция қилиш ишлари давом этмоқда. Ҳозирга қадар 127 километр автомобил йўллари жорий таъмирланди, 3 километр ички йўлларга асфальт ётқизилди. Шунингдек, маҳаллаларга кўча чироқлари ўрнатиляпти, аҳоли суюлтирилган газ баллонлари билан таъминланмоқда.
“Пиёзчилик” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 39 –умумтаълим мактаби хароба аҳволга тушиб қолган эди. Дастур доирасида мазкур таълим маскани бутунлай қайта таъмирланяпти. “Барака файз инвест” корхонаси қурувчилари 2 миллиард 500 миллион сўм маблағ ҳисобидан сифатли қурилиш ишларини олиб боришмоқда. Тез ёрдам бўлими биноси, “Найман” маданият марказида ҳам реконструкция ишларига киришилди.“Садда” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ўйингоҳда замонавий спорт мажмуаси қад ростлаяпти.
Туманда 1 минг 557 та эҳтиёжманд оила “темир дафтар”га рўйхатга олинган. Сектор раҳбарлари томонидан уларни камбағалликдан чиқариш, даромад манбаи топишига кўмаклашиш учун чора-тадбирлар белгилаб олинган. 2 минг 937 нафар оила аъзоларининг бандлиги таъминланади, 64 нафарига тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун субсидиялар ажратиш бошланди. Икки йил давомида уларга ҳар томонлама кўмак берилади.
Тошлоқ туманида давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида амалга оширилаётган бу кенг кўламли ишлар аввало, аҳолини ҳаётдан рози қилишга қаратилгандир. Зеро, улар ишли бўлиб, даромад кўрса, бахтли ҳаёт кечиришига замин яратилган бўлади. Аслида ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳам шу.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА