Ҳудудларда тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилмоқда
Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш доирасида тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни жойларда ўрганиш ва уларга ечим топиш мақсадида ҳудудларда очиқ мулоқотлар давом этмоқда. Хусусан, Бизнес-омбудсман девони маҳаллий ҳокимликлар ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда жойларда тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри мулоқотларни ташкил этмоқда.
Қабул давомида тадбиркорларни қийнаётган долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинмоқда. Хусусан, тадбиркорлар манфаатида Конституциявий судга ариза киритиш, солиқ соҳасида жиноят иши қўзғатилган тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш, шунингдек, суд қарорлари, мулк бузилиши ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришдаги тўсиқлардан норозиликка оид шикоятлар кўриб чиқилмоқда.
Шу билан бирга, тергов ҳибсхонасида сақланаётган маҳкумнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ жиноят иши юзасидан қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги мурожаати ҳам кўриб чиқилди. Таъкидлаш жоизки, янги қабул қилинган қонунчиликка асосан, Бизнес-омбудсман жиноят ишлари бўйича жамоат ҳимоячиси сифатида суд ва тергов жараёнларида қатнашиш ҳуқуқига эга.

Бизнес-омбудсман Абдуманноп Бўриев очиқ мулоқотлар давомида Қашқадарё вилоятида бир нечта тадбиркорлик субъектларининг фаолияти билан яқиндан танишди. Ташриф доирасида ҳудуддаги ишлаб чиқариш ва истиқболли инвестиция лойиҳаларининг амалий жараёнлари жойида ўрганилди.
Хусусан, дастлаб Қарши шаҳрида жойлашган “Asian golden oil” МЧЖ фаолияти кўздан кечирилди. Ер майдони 5 гектарни ташкил этувчи ушбу корхона йилига 1,5 минг тонна озиқ-овқат маҳсулотлари — ўсимлик ёғи ва ун ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, айни пайтда бу ерда 450 та иш ўрни яратилган. Корхонанинг экспорт кўрсаткичлари тизимли равишда ошиб бормоқда. Жумладан, экспорт қиймати 2025 йилдаги 1,8 миллион АҚШ долларидан 2026 йилда 4,1 миллион АҚШ долларига етган.

Навбатдаги ўрганиш манзили Қарши туманидаги чиқиндини қайта ишлаш ва электр энергияси ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Qashqadaryo SUS Enveronment” МЧЖ бўлди. Хорижий инвестор раҳбарлигидаги ушбу корхонанинг умумий майдони 8 гектарни ташкил этиб, лойиҳанинг йиллик қуввати 240 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Ҳозирги кунда қурилиш-монтаж ишлари жадал олиб борилаётган мазкур объект тўлиқ ишга туширилиши натижасида ҳудудда 150 та янги иш ўрни яратилади. Лойиҳа доирасида асбоб-ускуналар ва хомашё олиб кириш учун давлат томонидан катта кўмак берилмоқда. Хусусан, 2026 йилнинг ўтган 6 ойи давомида корхонага божхона тўловларидан 93,7 миллиард сўм миқдорида имтиёз қўлланилди.
Шунингдек, Наманган вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси билан ҳамкорликда тадбиркорлар учун сайёр қабул ташкил этилди.

Мулоқот давомида тадбиркорлар томонидан асосан нодавлат таълим соҳасига оид долзарб масалалар, бизнес юритиш жараёнида учраётган муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга қаратилган ташаббуслар атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув якунида кўтарилган масалалар юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилиб, тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни қонуний асосда ҳал этиш ҳамда уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА