Ҳудудларда ишбилармонлик фаоллиги индекси бўйича ўсиш кузатилди
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан баҳоланган Ишбилармонлик фаоллиги индекси 2026 йилнинг март ойида 1206 бирликни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 20,6 фоизга ортган. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса 22,7 фоизга ўсиш кузатилган.
Жорий йилнинг март ойида хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисоб-варақларидаги операциялар сони бўйича компонент 4,3 фоизга; товар-хом ашё биржасида хом-ашё сотиб олиш жадаллиги 46,2 фоизга; фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектлар бўйича компонент 3,8 фоизга ортган. Товар белгилари бўйича компонент 8,1 фоизга камайган.
Шунингдек, 2026 йил март ойида ИФИ барча ҳудудда ўтган ойга нисбатан ўсиши кузатилган. Жумладан, Андижон (47,8 фоиз), Сурхондарё (43,7 фоиз), Хоразм (42,3 фоиз) ва Самарқанд вилоятида (41,8 фоиз) сезиларли даражада ўсиш кузатилган.
Ушбу даврда банклараро тўлов операциялари сони 7 052,5 мингтани ташкил этиб, 2026 йилнинг февраль ойига нисбатан 292,2 минг транзаксияга (4,3 фоиз) ортган.
Хусусан, Андижон (13,5 фоиз), Фарғона (8,2 фоиз), Сирдарё (6,9 фоиз) ва Сурхондарё (5,5 фоиз) вилоятларида юридик шахслар ўртасидаги банк операциялари сони ўтган ойга нисбатан сезиларли ортган. Бу кўрсаткич Қорақалпоғистонда 1,1 фоизга камайган.
Жорий йилнинг март ойида ИФИнинг биржа компоненти 1,4621 бирликни ташкил этган (ўтган ойга нисбатан 46,2 фоизга ортган). Бунда, тузилган битимлар сони 2,1 бараварга ортгани ва ҳар бир битим бўйича сотиб олинган товарларнинг ўртача ҳажми 14,6 фоизга камайгани кузатилди.
Республика товар-хом ашё биржасида асосий 34 турдаги товарлар савдосининг умумий айланмаси ҳажми 2026 йил март ойида 7 460 млрд. сўмни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 18,5 фоизга ортган.
Бунда, биржа савдолардаги ушбу фаолликда азот-фосфорли ўғит савдоси ҳажмининг ўтган ойга нисбатан 93,1 бараварга, арматура 6,5 баравар, қора металл прокати 4 баравар ва полипропилен 3,4 бараварга ортиши асосий омил ҳисобланади.
Ҳисобот даврида фаолият юритаётган хўжалик субъектлари компоненти 1,0382 бирликни ташкил этиб, олдинги ойга нисбатан 3,8 фоизга ортган. Бунда барча турдаги фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар сони олдинги ойга нисбатан 2 557 бирликка ортиб, 511 мингтани; йирик тадбиркорлик билан шуғулланувчи корхоналар сони эса 558 тага ошиб, 4 719 тани; ичик корхоналар сони 2,2 мингтага ортиб, 417,3 мингтани шунингдек, фермер хўжаликлари сони 185 тага камайиб, 89,1 мингтани ташкил этган.
2026 йилнинг март ойида савдо белгилари бўйича компонент 0,9186 бирликни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 8,1 фоизга камайган.
Мазкур даврда юридик шахслар томонидан 395 та товар белгилари ва товар номлари рўйхатга олинган.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА