Ҳудудларда бизнес фаоллиги ўсишда давом этди
Ўзбекистон ҳудудларидаги бизнес фаоллигининг асосий кўрсаткичлари бўйича комплекс мониторинг барча муҳим йўналишларда ўсиш кузатилаётганини кўрсатмоқда.
Жорий йил июнь ойи якунларига кўра, солиқ тушумлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 45,6 фоизга ўсиб, барқарор ижобий динамикани намоён этди.
Тушумларнинг энг сезиларли ўсиши Сирдарё, Тошкент, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида қайд этилди. Ушбу ҳудудларда ўсиш суръати ўртача қарийб 30 фоизни ташкил этди.
Божхона тўловлари 19,2 фоизга ошди. Энг юқори ўсиш суръатлари Наманган вилоятида – 63,5 фоиз ва Навоий вилоятида – 44,4 фоиз миқдорида қайд этилди.
Фарғона ва Тошкент вилоятлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам барқарор ижобий динамика кузатилиб, тушумлар ўртача 40 фоизга ўсди.

Кўрсатилган даврда товарлар экспорти 27,6 фоизга ошди. Экспорт етказиб бериш ҳажмининг энг юқори ўсиши Тошкент вилоятида – 54 фоиз ва Сурхондарё вилоятида – 44,4 фоиз миқдорида қайд этилди. Андижон, Навоий, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида ўсиш ўртача қарийб 34 фоизни ташкил этди.
Шу билан бирга, кредитлаш ҳажми ҳам ошди. Кўриб чиқилаётган даврда тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми 5 фоизга кўпайди. Энг юқори ўсиш Самарқанд вилоятида – 50,5 фоиз миқдорида қайд этилди. Хоразм, Фарғона, Андижон ва Бухоро вилоятларида кредитлаш суръатлари ўртача 29 фоиздан зиёдга ўсди.
Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасидаги битимлар ҳажми 17,4 фоизга ошди. Биржа фаоллигининг энг юқори ўсиши Бухоро вилоятида қайд этилиб, 49,2 фоизни ташкил этди. Шунингдек, Сурхондарё, Навоий, Сирдарё, Хоразм ва Андижон вилоятларида ўсиш ўртача 32 фоизни ташкил этди.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА