Ҳудудий аэропортларга инвестиция – истиқболли ғоя
Ўзбекистон кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар ва глобал интеграция жараёнида, жумладан, авиация соҳасини ҳам жадал ривожлантирмоқда. Хусусан, аэропорт инфратузилмасига сармоя киритиш устувор йўналишга айланган мамлакатимизни Осиё, Европа ва Яқин Шарқни боғловчи минтақавий транспорт марказига айлантириш мақсад қилинган. Бинобарин, соҳа ривожи инфратузилмани такомиллаштириш, хорижий ҳамкорликни кенгайтириш орқали йўловчилар оқимини тезлаштириш билан боғлиқ улкан салоҳиятга эга.
Талаб ортиши ва стратегик жойлашув
Марказий Осиёдаги географик жойлашув Ўзбекистонни транзит авиация учун қулай ҳудудга айлантирган. Мамлакат Шарқ ва Ғарб, шунингдек, Шимол ва Жануб йўналишларини боғлаш имкониятига эга. Самарали транзит тизими айрим йўналишларда парвоз вақтини 2 соатгача қисқартириш эвазига ёнилғи сарфини анча камайтириши мумкин.
Масалан, Самарқанд йирик халқаро авиация маркази сифатида ривожланиш учун энг истиқболли ҳудудлардан биридир. Ушбу кўҳна кентнинг тарихий аҳамияти, туризм салоҳияти ва жанубий ҳудудлардаги GTL ёнилғи ресурсларига яқинлиги мазкур салоҳиятни янада кучайтиради.
Жаҳон даражасидаги аэропорт концепцияси
Келажакда Самарқанд йилига 30-60 миллион йўловчига хизмат кўрсатадиган замонавий халқаро аэропортга эга бўлиши мумкин. Бундай лойиҳа доирасида қарийб 80 та дарвоза, алоҳида кириш ва чиқиш зоналари барпо этилиб, асосий эътибор транзит йўловчилар учун қулай шароит яратишга қаратилиши лозим. Аэропорт қуйидаги хусусиятларга эга бўлиши муҳим:
– Экологик тоза ва энергия тежамкор дизайн;
– Замонавий ва хавфсиз учиш-қўниш йўлаклари;
– Меҳмонхона, тиббий хизмат хонаси, дам олиш ҳудуди ва бошқа қулайликлардан иборат кенг қамровли инфратузилма;
– Машҳур халқаро брендларнинг савдо ва овқатланиш масканлари;
– Маданий ва инновацион унсурлар билан бойитилган ноёб интерьер.
Бундан ташқари транзит йўловчилар учун Самарқанд бўйлаб қисқа экскурсиялар ташкил этиш ҳам туризмни ривожлантиришга хизмат қилади.
Иқтисодий самарадорлик ва глобал рақобат
Дастлаб салмоқли инвестиция талаб қиладиган бундай йирик лойиҳалар узоқ муддатда миллиардлаб даромад келтириши мумкин. Аэропортлар сайёҳлик соҳасини ривожлантиради, янги иш ўринлари яратади ва бизнес фаоллигини оширади. Қолаверса, Ўзбекистонни замонавий “Ипак йўли” марказига айлантиришга муносиб ҳисса қўшади. Халқаро даражада рақобатбардошликка эришиш учун маҳаллий аэропортлар “Singapore Changi Airport” ва “Hamad International Airport” каби жамоалар илғор тажрибасини ўрганиши ва амалиётга жорий этиши зарур.
Кадрлар тайёрлаш ва авиация экотизими
Барқарор тараққиёт учун инфратузилма билан бир қаторда малакали кадрлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу жараёнда учувчилар тайёрлаш марказлари ва авиация академиялари ташкил этиш зарурати туғилади. Шу тариқа соҳанинг узлуксиз ривожи таъминланади.
Юк ташиш ва логистика салоҳияти
Ўзбекистонданафақат йўловчи авиацияси, балки ҳаво орқали юк ташиш бўйича ҳам минтақавий марказга айланиш имкони мавжуд. Масалан, Қарши шаҳридаги Хонобод аэропортини айни йўналишда фаолият олиб борадиган йирик мажмуага айлантириш стратегик жиҳатдан муҳим аҳамият касб этади. Бу масканнинг географик жойлашуви қўшни давлатлар билан савдони ривожлантириш учун қулай имконият яратади. Мазкур лойиҳа “Al Maktoum International Airport” тажрибасига ўхшаш тарзда амалга оширилиши мумкин.
Маҳаллий авиация саноатини тиклаш
Мамлакатимиз Тошкент авиация заводини қайта тиклаш орқали самолёт ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконияти эга. Бу ташаббус ҳам Ўзбекистоннинг саноат салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Хуллас, республикамиз авиация саноати жадал ривожланиш босқичини бошдан кечирмоқда. Аҳоли сони тез ўсиши ва стратегик жойлашув чексиз имкониятлар яратмоқда. Аэропортлар, логистика ва соҳа таълимига йўналтирилган сармоя иқтисодий ўсишни тезлаштиради, янги иш ўринлари очилишини таъминлайди ва мамлакатни глобал иқтисодиётга янада чуқур интеграция қилади. Ушбу эзгу мақсадларга эришиш эса узоқ муддатли стратегия ва кенг қамровли инновацион ёндашувнитақозо қилади.
Дурбек Собиров,
халқаро эксперт