Хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш учун янги ўқув маркази иш бошлади
Пойтахтимизда хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда иқтисодий фаоллигини ошириш мақсадида ташкил этилган янги ўқув марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ҳунарманд Расулова Феруза ташаббуси билан ташкил этилган ўқув марказида тингловчиларнинг тикувчилик, дизайн ва ҳунармандчилик йўналишларида билим ҳамда амалий кўникмалар эгаллаши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган.

Тадбир доирасида ҳунарманд томонидан яратилган креатив миллий либослар намойиши ташкил этилиб, унда миллий анъаналар ва замонавий услубларнинг уйғунлиги акс эттирилди.
Очилиш маросимида Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Шаҳноза Султонова иштирок этиб, хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

Мазкур ўқув маркази хотин-қизларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш, уларни даромадли меҳнат билан таъминлаш ҳамда ҳунармандчилик соҳасида янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.

Г.Бобоева, ЎзА