Хотин-қизлар муаммоси очиқ мулоқотда таҳлил қилинди
Пойтахтимизда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан “Муаммодан – ечим сари” шиори остида тадбиркор хотин-қизлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Тадбир хотин-қизларнинг амалий муаммо ва таклифларини эшитиш, уларга ечим топиш, хотин-қизлар ўртасида тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди. Қайд этилишича, телеграм саҳифасида ташкил этилган бот орқали хотин-қизларнинг таклиф ва ташаббуслари йиғиб олинган. Ушбу таклиф ва мурожаатлар учрашув вақтида турли вазирлик, идора ва ташкилотларнинг масъуллари томонидан ўрганиб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг жорий йил 20 августдаги топшириғига асосан аҳоли мурожаатларини ўз вақтида ва манзилли ҳал этиш, хотин-қизларни қийнаётган муаммоларга тезкор ечим топиш мақсадида август-декабрь ойларида 9 та йўналиш бўйича Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан очиқ мулоқотлар ўтказиш белгиланган эди.

Тадбирда қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимиз иқтисодиётида юқори ўсиш суръатлари таъминланиб, иқтисодиётга 230 миллиард доллар инвестиция, шу жумладан, 120 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция жалб этилди. 2025 йил якунларига кўра, ялпи ички маҳсулот 7,7 фоизга ўсди. Бу натижаларда хотин-қизлар, хусусан, аёл тадбиркорларнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Эътиборли жиҳати, аёллар тадбиркорлиги йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.

Якка тартибдаги тадбиркор аёллар сони 2018 йилда 69,8 минг нафар бўлган бўлса, 2025 йилга келиб 129,6 минг нафарга етди. Яъни, қарийб икки баробар ошди. Аёллар раҳбарлигидаги тадбиркорлик субъектлари сони ҳам изчил ортиб, 2024 йилда 100,7 мингтани ташкил этган бўлса, 2025 йилда 112,5 мингтага, 2026 йилнинг биринчи ярмида эса қарийб 120 мингтага етди.
Мулоқот давомида берилган саволларга атрофлича жавоб берилди ва кўтарилган муаммолар вазирликларга йўналтирилиши ҳамда ижроси назорат қилиниши қайд этилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА