Хорижий ва нодавлат ОТМлардан давлат университетларига ўқишни кўчириш тартиби тасдиқланди
Ўзбекистонда хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган талабаларнинг давлат олий таълим муассасаларига ўқишини кўчириш бўйича янги тартиб белгиланди. Бу бўйича Ҳукуматнинг 2026 йил 11 июндаги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан “Хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан талабалар ўқишини давлат олий таълим ташкилотларига кўчириш бўйича давлат хизматини кўрсатиш”нинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Янги тартибга кўра, ушбу жараён бўйича ваколатли давлат органи этиб Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги белгиланган.
Талабалар ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП), Агентликнинг махсус электрон платформаси ёки давлат хизматлари марказлари орқали ариза топширишлари мумкин.
Агар талаб этилган ҳужжатлар ёки маълумотлар тўлиқ тақдим этилмаган бўлса, тақдим этилган маълумотларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар аниқланса, белгиланган тўлов ўз вақтида амалга оширилмаган бўлса ариза рад этилади.
Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар ҳар йили 15 июлдан 6 августга қадар кўриб чиқилади. Шу муддат ичида аризани қабул қилиш ёки рад этиш ҳақида қарор қабул қилинади.
Қабул қилинган қарор тўғрисида ариза берувчига ЯИДХП ёки махсус электрон платформа орқали хабарнома юборилади.
Шунингдек, ўқишни кўчириш бўйича ўтказилган имтиҳон натижалари QR-кодли шаклда расмийлаштирилиб, имтиҳонлар якунланганидан сўнг бир ҳафта ичида талабаларга етказилади.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, янги регламент ўқишни кўчириш жараёнининг шаффофлиги ва ягона тартиб асосида амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА