Хорижда иш: миграция доираси кенгаймоқда
Миграция агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиали томонидан фуқароларни хорижда қонуний ва муносиб меҳнат фаолиятига жалб қилиш, ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибли ташкил этиш, хорижий иш берувчилар билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда аҳоли ўртасида хавфсиз меҳнат миграцияси бўйича тушунтириш ишларини кучайтириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳудудда хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларни аниқлаш, уларнинг касбий малакаси, иш тажрибаси ва хорижий тилларни билиш даражасини ўрганиш ҳамда мавжуд хорижий вакансияларга йўналтириш ишлари ташкил этилди. Германия, Буюк Британия, Словакия, Эстония, Корея, Япония, Россия салоҳиятли иш берувчилари тақдим этган юқори даромадли иш ўринларига фуқароларни жойлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Миграция географиясини кенгайтириш мақсадида илк маротаба фуқаролар Японияга ҳайдовчилик, Словакияга қара ҳайдовчиси, Словенияга хизмат кўрсатиш ва Саудия Арабистонига ҳамширалик соҳаларига ишга юборилмоқда.

— Фуқароларни хорижда юқори даромадли ишга жойлаштиришда талаб юқори бўлган касб ва хорижий тилларга ўқитиш, бунда миграция агентлиги, Олий таълим вазирлиги ҳамда касбий таълим агентлиги ҳамкорлигида ишлар амалга оширилмоқда, — дейди Миграция агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиали бош мутахассиси Ахмет Карабаев. — Хорижий компаниялар билан ҳамкорликда 4 та халқаро қўшма таълим лойиҳаси йўлга қўйилди. Хусусан, Германиянинг “RecruitMed” ҳамда тиббиёт академияси (3 йиллик дастур асосида) тиббиёт, “Premium Food Group” гўштни қайта ишлаш, Япониянинг “JOHO CO-OP” ташкилоти билан хизмат кўрсатиш йўналишларида ёшлар касб ва хорижий тилларга ўқитилмоқда.

Бош мутахассиснинг таъкидлашича, ўқув курсларига жалб қилинган фуқароларнинг кейинчалик хорижий иш берувчилар томонидан ташкил этиладиган танлов ва суҳбатларда иштирокини таъминлаш, келгусида хорижда юқори даромадли ишга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. Фуқароларга “Хорижда иш” платформасида шахсий маълумотларини шакллантириш, резюме (CV) яратиш, касби ва иш тажрибаси тўғрисида маълумотларни киритиш ҳамда мавжуд вакансияларга ариза топшириш имкони яратилди.
2026 йилда хусусий бандлик агентликлари ва иш берувчилар билан икки маротаба “Меҳнат ярмарка”си ташкил этилди. Уларда 9 та хусусий бандлик агентлиги ўзларидаги мавжуд бўш иш ўринлари билан иштирок этишди. Ярмаркаларда 2 минг нафардан ортиқ фуқаро рўйхатга олинди.
Маҳаллаларда фуқаролар билан учрашувлар ўтказилиб, хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси, хорижга ишга кетишнинг расмий каналлари, меҳнат шартномасининг аҳамияти, хорижда меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мавжуд имкониятлар ҳақида тушунтиришлар берилди. Фуқароларнинг хорижда ишлаш, ишга жойлашиш, хорижий тил ва касбга ўқиш, хорижга чиқиш тартиби ҳамда меҳнат ҳуқуқларига оид мурожаати ўрганилиб, уларга тегишли тушунтириш берилди ва амалий кўмаклар кўрсатилди.
Миграция агентлигининг ишонч телефони ва ҳудудий филиаллари орқали фуқароларга ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатилмоқда. Агентликнинг расмий маълумотларига кўра, жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича колл-марказ орқали 881 та қўнғироққа хизмат кўрсатилган.
Келгусида Қорақалпоғистон Республикасида хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларнинг ягона базасини шакллантириш, талаб юқори бўлган касблар ва хорижий тиллар бўйича мақсадли ўқитишни кенгайтириш, хорижий иш берувчилар билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни кучайтириш назарда тутилган.
Шунингдек, “Хорижда иш” платформасида фуқароларнинг резюме базасини кенгайтириш, маҳаллаларда “Хорижга иш – маҳалладан” тамойили асосида ишларни кучайтириш, хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси бўйича ахборот-тушунтириш ишларини янада кенгайтириш мақсад қилинмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири