Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Кувайтнинг “Al-Jarida” нашрида “Туризм – Ўзбекистон иқтисодиёти келажагининг тамал тоши” сарлавҳали мақола эълон қилинди.
– Ўзбекистон ўзининг ноёб маданий ва табиий бойликлари ва туризм соҳасида алоҳида ажралиб турадиган давлатлардан биридир. Бугун бу юрт ҳукумати айниқса, сайёҳлик йўналишига ўз иқтисодий стратегиясининг асосий таянчи сифатида катта эътибор қаратмоқда, - дейилади мақолада.
Нашрда 2017 йилдан буён Ўзбекистонда инфратузилмани ривожлантириш, виза тартиб-таомилларини енгиллаштириш ва хорижий сармояларни жалб қилишга қаратилган ташаббусларда туризмни қўллаб-қувватлашга қаратилган 30 дан ортиқ қонун ва қарорлар қабул қилингани эътироф этилган.
Муаллиф юртимизда 5 мингдан ортиқ турар жой объектлари, жумладан, меҳмонхоналар ва оилавий уйлар мавжудлиги, шунингдек, ҳукумат томонидан 28 та ҳудуддаги 135 та маҳалла фуқаролар йиғини туризм салоҳияти юқори ҳудудлар сифатида белгилангани ва уларни молиявий ресурслар билан таъминлаш, инфратузилмани яхшилаш, солиқ имтиёзлари бериш орқали ривожлантириш бўйича режалар амалга оширилаётганини таъкидлаган.
– Ўзбекистонда транспорт тармоқларини кенгайтириш, жумладан, 40 та миллий ва халқаро авиакомпаниялар иштирокида рейслар сонини ҳар йили мингдан ортиқ рейсга етказиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. “Афросиёб” тезюрар поездлар тармоғи ҳам Бухоро ва Шаҳрисабз каби йирик шаҳарларга қатновни амалга оширмоқда, -деб ёзилган мақолада.
Шунингдек, нашр Ўзбекистонда сайёҳлик соҳасида малакали кадрлар муҳимлиги сабабли “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ҳамда 10 та касб-ҳунар техникуми ташкил этилгани, уларнинг барчаси туризм соҳасида малака ошириш учун 80 дан ортиқ халқаро таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатганига эътибор қаратган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА