Хоразмлик дзюдочилар тенгсиз
Пойтахтимиздаги "Универсал" спорт саройида дзюдо бўйича катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.
Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда мамлакатимиз дзюдо федерацияиси томонидан ташкил этилган чемпионатда Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан жами 500 нафардан зиёд дзюдочи ўзаро рақобатлашди.
Мусобақанинг сўнгги кунида эркаклар ўртасида -100, +100 кг, аёлларда эса -78, +78 кг вазн тоифаларида беллашувлар бўлиб ўтди. Унда Музаффарбек Тўрабоев, Шоҳрух Бахтиёров, Ирисхон Қурбонбоева ҳамда Фотима Қурамбоева ўз вазн тоифаларида мамлакат чемпионига айланди.
Уч кунлик беллашувлар якунига кўра, умумжамоа ҳисобида ҳам эркаклар, ҳам аёллар ўртасида Хоразм вилояти терма жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Хоразмлик дзюдочилар чемпионат давомида 4 та олтин, 3 та кумуш, 3 та бронза медалини қўлга киритди. Шунингдек, 3 та олтин, 1 та кумуш, 2 та бронза медали билан Сурхондарё вилояти жамоаси иккинчи, 3 тадан олтин ва бронза медали билан Тошкент вилояти полвонлари учинчи бўлди.