Хонадонбай ишлаш — фаровонлик сари қадам
Маҳалладаги умумий кўрсаткичлар ортида турли эҳтиёж, имконият ва муаммоларга эга бўлган хонадонлар туради. Шу боис муаммони умумий эмас, балки ҳар бир оила кесимида ўрганиш ва унга мос ечим белгилаш муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда "Адолат" СДП ҳудудий Кенгашлари томонидан маҳаллаларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, муаммолар ўрганилмоқда.
Айни шу ёндашув асосида партиянинг Юқори Чирчиқ тумани Кенгаши раиси И.Алашбаев бошчилигида, туман Нуронийлар жамғармаси вакиллари иштирокида “Миробод”, “Файзобод”, “Хван Т.Г.” ва “Баҳор” маҳалла фуқаролар йиғинларида хонадонбай ўрганиш ишлари олиб борилди. Жараёнда хонадонларга борилиб, оилаларнинг турмуш шароити, меҳнат билан бандлиги, даромад манбалари, мавжуд имкониятлари ҳамда уларни қийнаётган муаммолар бевосита жойида ўрганилди. Фуқаролар билан очиқ мулоқот қилиниб, уларнинг эҳтиёж ва таклифлари тингланди.

Мутахассислар иштирокида фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, даромад манбаларини кенгайтириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича амалий таклифлар масъуллар билан биргаликда муҳокама қилинди.
Айниқса, хонадонларда мавжуд меҳнат салоҳиятини ишга солиш, фуқароларнинг даромад келтирувчи фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва аниқ эҳтиёжлардан келиб чиқиб амалий ёрдам кўрсатиш масалаларига эътибор қаратилди. Ўрганиш якунида аниқланган масалалар бўйича масъуллар билан фикр алмашилиб, уларни бартараф этиш, фуқароларга амалий кўмак кўрсатиш ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича йўналишлар белгилаб олинди.
Эътиборлиси, хонадонбай ишлашнинг самараси муаммоларни аниқлашнинг ўзи билан эмас, балки улар бўйича кейинги амалий ҳаракатлар билан белгиланади. Шу жиҳатдан бундай ўрганишлар аҳоли билан мулоқотни кучайтириш, мавжуд имкониятларни аниқлаш ва ҳар бир оила учун мақбул ечимларни белгилашга хизмат қилади.
А.Мусаев,ЎзА