Холисхон Қодирова – ноёб овоз соҳибаси
Юртимизда миллий мусиқа меросини асраб-авайлаш, уни ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар янги маънавий юксалиш босқичини бошлаб бермоқда. Айниқса, мақом санъатининг ноёб анъаналари, устоз-шогирд мактаблари ҳамда мумтоз ижрочилик йўлларини келгуси авлодларга етказишда фидойилик кўрсатган санъат намояндаларининг меросини ўрганиш долзарб аҳамият касб этади.
Ана шундай улуғ сиймолардан бири ўзининг бетакрор ижроси, чуқур мусиқий тафаккури ва миллий анъаналарга садоқати билан мақом санъати ривожига муносиб ҳисса қўшган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, моҳир хонанда Холисхон Қодировадир. Унинг ижодий мероси нафақат миллий мусиқа хазинамизнинг бебаҳо дурдонаси, балки анъанавий ижрочилик мактаблари тараққиётида муҳим манба сифатида эътироф этилади.
Шу боис, юртимиз маданий ҳаётида муҳим ўрин тутган ушбу санъаткор таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш, унинг ижодий меросини илмий ва амалий жиҳатдан чуқур таҳлил этиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири.
Маданият вазирлиги дастурига асосан Холисхон Қодирова ижодий меросининг миллий мусиқий тафаккурдаги ўрни ва аҳамиятини ёритиш, анъанавий ижрочилик мактаблари доирасида мақом санъатининг илмий-амалий масалаларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, мақом хонандаси Холисхон Қодирова таваллудининг 90 йиллигига бағишланган “Уйғур мақом йўллари Холисхон Қодирова ижросида” мавзусидаги республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
Мазкур конференция уйғур мақом йўлларининг бадиий, тарихий ҳамда ижровий хусусиятларини илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш, Холисхон Қодирова ижодий меросининг миллий мусиқий тафаккурдаги ўрни ва аҳамиятини ёритиш, шунингдек, анъанавий ижрочилик мактаблари доирасида мақом санъатининг ўзига хослигини таҳлил этишга бағишланди.
Анжуман давомида Холисхон Қодированинг бой ижодий мероси, унинг уйғур мақом йўлларини талқин этишдаги ўзига хос услуби, ижрочилик мактаби ва миллий мусиқий тафаккур ривожига қўшган ҳиссаси атрофлича таҳлил қилинди.
Мақом устозлари иштирокида маҳорат дарсларини ташкил этиш, ёш ижрочилар учун амалий тажриба алмашиш майдонини яратиш ҳам конференциянинг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланди.
Куннинг иккинчи қисмида “Холисхон Қодирова – ноёб овоз соҳибаси” мавзусида бадиий-ижодий кеча ташкил этилиб, унда институт профессор-ўқитувчилари, Тошкент шаҳар Уйғур маданий маркази ходимлари ҳамда санъат ихлосмандлари иштирок этди. Ижодий кеча давомида Холисхон Қодированинг бой ижодий меросидан намуналар, хусусан, уйғур мақом йўлларига мансуб асарлар жонли ижрода янгради. Унинг ўзига хос ижро услуби, кенг диапазонли овози ва нозик бадиий талқини яна бир бор намоён бўлиб, томошабинларда чуқур таассурот қолдирди.
Шунингдек, тадбир давомида устоз санъаткорнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган эсдаликлар, фикр-мулоҳазалар билдирилиб, унинг мақом санъати ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси алоҳида эътироф этилди.
Мазкур бадиий кеча миллий мусиқа анъаналарини кенг тарғиб этиш, ёш авлод қалбида санъатга бўлган меҳр ва қизиқишни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Н.Усмонова, ЎзА