Хитойнинг яшил хазинаси: нега бир пиёла чой 1000 доллар?
Баҳор Хитойнинг Ханжоу шаҳри атрофига ўзгача келади. Бу заминда одамлар фасл алмашганини тақвим эмас, чой новдасига қараб ҳис қилади. Туман қоплаган тепалик бағридаги майдонда йил бўйи кутилган энг масъулиятли палла: Небарки – бир неча ҳафта давом этадиган ҳосил мавсуми маҳаллий аҳоли учун оддий қишлоқ хўжалиги юмуши эмас, асрлар қаъридан сақланган анъананинг давоми.
Ҳудудда етиштириладиган Лунцзин чойи Хитойнинг энг машҳур яшил ўсимлиги сифатида машҳур. Бу ном “Аждар қудуғи” маъносини англатади. Бир қарашда оддий яшил баргдан иборат маҳсулотга ўхшайди. Бинобарин, тарихи, обрўси ва тайёрланиш жараёни бу навни дунёдаги энг нуфузли маҳсулотлардан бирига айлантирган. Бугун Лунцзин нафақат миллий маданиятнинг бир бўлаги, балки Хитойнинг ўзига хос бренди сифатида ҳам эътироф этилади.
Лунцзин шуҳрати тасодиф эмас. Ривоятга кўра, XVIII асрда мамлакат ҳукмдори Цяньлун Ханжоуга ташрифи чоғи маҳаллий чойни татиб кўради. Ўзгача таъм ва хуш бўй императорда шунчалик кучли таассурот қолдирганки, шундан сўнг айрим буталарга махсус мақом берилган. Кейинчалик шу воқеадан афсона туғилади. Натижада чой нафақат кундалик истеъмол маҳсулоти, балки давлат нуфузи ва миллий ифтихор тимсолига айланади.

Лунцзиннинг қиймати етиштирилиши жараёнида ҳам намоён. Ҳосилнинг энг қиммат қисми баҳор аввалида йиғиб олинади. Теримчи ҳар бир новдани қўл билан, саралаб узади, чунки маҳсулот сифатига ҳатто майда ножўя ҳаракат ҳам таъсир этади. Эрта терилган барг юмшоқ таъм беради, нозик ҳид таратади. Шунинг учун ҳам айнан илк ҳосил бозорда юқори баҳоланади.
Баъзан ярим килограмм энг сара Лунцзин чойининг нархи бир неча минг долларгача чиқади. Бу рақам кўпчилик учун ҳайратланарли туюлиши мумкин: маҳсулот ҳажми чеклангани, терим муддати қисқалиги ва меҳнат талаби юқорилиги шундай қийматни таъминлайди. Қолаверса, ҳақиқий Лунцзин ўсадиган ҳудуд ҳам чегараланган. Шу боис талаб ва таклиф ўртасидаги фарқ йил сайин кенгаймоқда.
Чойнинг ўзига хос хусусияти барг териб олингандан кейин янада яққол кўринади. Усталар махсус қиздирилган қозонда баргга қўл билан ишлов беради. Шу тариқа маҳсулотнинг ранги, таъми ва хуш бўйи сақлаб қолинади. Замонавий технология ишни анча енгиллаштирган эса-да, тажрибали деҳқонлар асл натижага фақат инсон қўли орқали эришиш мумкинлигини таъкидлайди. Улар учун бу касб эмас, балки авлоддан-авлодга ўтиб келаётган маҳоратдир.

Сўнгги йилларда Лунцзинга қизиқиш янада ортди. Хитойда миллий қадриятларга эътибор кучайиши, шунингдек табиий маҳсулотга талаб ўсиши мазкур чойнинг қимматини янги босқичга олиб чиқди. Машҳурликка яна бир сабаб бор: бозорда қалбаки чой кўпайиб, ҳақиқий Лунцзинни сохтасидан ажратиш қийинлашди. Шу сабабли, махсус назорат тизими жорий этилиб, маҳсулотнинг келиб чиқишини тасдиқловчи рақамли белгилар қўллана бошланди.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчи учун масала фақат иқтисодиётда эмас. Деҳқон чойи орқали ўз ҳудуди тарихи ва маданиятини ҳам сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Бир замон жуда кўп ёшлар шаҳарларга кетиб, ота-боболари касбини давом эттиришдан воз кечган эди. Маҳсулот қиймати ортиб, анъаналарга қизиқиш тикланиши натижасида янги авлод яна чойзорларга қайтмоқда. Улар учун Лунцзин даромад манбаи бўлиш баробарида, ўзликни сақлаб қолиш воситасига ҳам айланди.

Бугун сайёҳлар Ханжоу қирларига шунчаки чой татиб кўриш учун эмас, балки бутун бир маданий муҳитни ҳис қилиш келяпти. Туман оралаб кўринган чойзор, қўл билан йиғилаётган барг ва асрлардан бери ўзгармаган ҳунар барчада алоҳида таассурот уйғотади. Зеро, бу ўлкада ҳар бир пиёла чой ортида меҳнат, тарих, анъана мужассам.
Шунинг учун ҳам Лунцзиннинг ҳақиқий қиймати, қадри нархида эмас, балки бир неча аср давомида сақлаб келинаётган тажриба, табиат билан уйғунлик ва маданий меросда намоён. Бир қарашда оддий яшил барг, аслида дунё бўйлаб қадрланадиган, ҳар куни истеъмол қилинадиган ичимлик. Ҳа, баъзан ҳақиқий бойлик ер остида эмас, балки инсон қўли, халқ анъаналарида яширин.
Мусулмон Зиё, ЎзА